Қашқадарёда 2300 йиллик оссуарий топилди

Жамият

image

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Одирмон ёдгорлигида милоддан аввалги III асрдан милодий III асргача бўлган даврга оид қадимий оташгоҳ ва инсон суякларини сақлаш учун мўлжалланган оссуарий топилди. Бу ҳақда “La Brújula Verde” хабар берди.

Қайд этилишича, ёдгорликда мунтазам археологик тадқиқотлар жорий йилда Самарқанд Археология институти илмий ходими Санжар Абдураҳимов раҳбарлигида бошланган. Тадқиқотлар давомида мажмуанинг шимоли-шарқий қисмидан баландлиги қарийб 70 сантиметр, кенглиги эса 90 сантиметр бўлган оташгоҳ аниқланган. Унда бир неча қатламли лой сувоқ қолдиқлари сақланиб қолган.

Оташгоҳ яқинидан эса оссуарий – инсон суякларини сақлаш учун ишлатилган сопол идиш топилган. Унинг юзаси кийик ва арча, яъни Туркистон арчаси тасвирлари билан безатилган. Мутахассислар нақшларнинг аниқ маъносини реставрация ишлари якунлангач аниқлашни режалаштирмоқда.

Оташгоҳ ва оссуарийнинг бир жойдан топилгани мазкур мажмуа зардуштийлик анъаналари билан боғлиқ дафн маросимларига алоқадор бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Ушбу эътиқодга кўра, марҳумларнинг жасадлари кўмилмаган ёки куйдирилмаган, суяклар тозаланггач, махсус идишларга жойлаштирилган.

Агар Одирмон ёдгорлигининг санаси тасдиқланса, топилма Сўғд ва Хоразм ҳудудларида безакли оссуарийлар кенг тарқалишидан бир неча аср олдинги дафн маросимлари ҳақида маълумот бериши мумкин.

Археологлар Одирмон ёдгорлигининг вазифаси ва мажмуанинг тарихий мақомини аниқлашга ёрдам берадиган қазишма ишларини давом эттирмоқда. Маданий мерос агентлиги мазкур топилмалар минтақанинг қадимги аҳолиси диний эътиқодлари ва дафн маросимларини ўрганишда муҳим манба бўлишини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги Қўрғонтепа ёдгорлигида олиб борилган археологик қазишмалар вақтида илк асрларга оид гипс ҳайкалнинг бош қисми топилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг