Қашқадарёда 13 ёшли болалар уйи тарбияланувчисини зўрлаган эркак 12 йилга қамалди
3-саҳифа
−
06 Июнь 2023
13178Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 13 ёшли оилавий болалар уйи тарбияланувчиси уни асраб олган эркак томонидан зўрлангани ҳақида хабар берилганди. Ушбу жиноятни содир этган эркак 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 6 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида судланувчи К.Т.га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинган.
Суд ҳукмига кўра, фуқаро К.Т. Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми “а” банди ва эски таҳрирдаги (2023 йил 11 апрелга қадар амалда бўлган) 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган.
Келтирилишича, ушбу шахсга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш)га асосан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
“Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатига шикоят бериши ёки протест келтириши мумкинлиги маълум қилинади”, дейилади хабарда.
Олий суднинг изоҳлашича, Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддалари талабларига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига текканлик ҳамда ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилмайди.
Эслатиб ўтамиз, бу ҳақда жорий йилнинг апрель ойида 13 ёшли қизни 51 ёшли эркак зўрлагани ҳақида хабар берилганди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, қиз ҳомиладор бўлиб қолган ва унинг боласини мажбуран туширтиришган.
LiveБарчаси