Қашқадарё ва Андижонда психотроп модда сотганлар ушланди
3-саҳифа
−
12:17 998 2 дақиқа
Қашқадарё ва Андижонда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро З.Қ. 2 та елим пакетга солинган сариқ ва қизил рангли 29 дона капсула ҳамда 60 дона “Gabaten” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини фуқарога 500 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Улуғнор туман бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ж.А. фуқаро М.Х.га хорижда ишлаб чиқарилган 4 дона “Регапен” ҳамда 1 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 670 минг сўмга сотаётганида ушланиб, ундан дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Тошкент туманида 40 млн сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахс ушланганди.
Live
Барчаси