Қаршидаги бассейнда 18 ёшли йигитни ток урди. У шифохонага етмай вафот этди
3-саҳифа
−
14 Август
7235Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги сув ҳавзасида 18 ёшли йигит ток уриши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда “Марказий студия” кўрсатувида хабар берилди.
Билдирилишича, 2006 йилда туғилган марҳум танаси нам пайтда телефон қувватлагич устига оёғини қўйган. Шундан сўнг уни қисман ток урган деб тахмин қилинмоқда.
Воқеа содир бўлганидан сўнг марҳумнинг яқинлари тез тиббий ёрдам бўлимига қўнғироқ қилган. Унга қадар эса бемор йигитга манзилда бўлиб турган шифокорлар ёрдам кўрсатган.
“Шу куни 18:30 ларда тез ёрдамга чақирув бўлган ва тез ёрдам машинаси 18:40 ларда воқеа жойига етиб борган. Шифокоримиз ўша ерда бемор юрагини ёпиқ массаж қилган, сунъий нафас берган. Тиббий ёрдамларга қарамасдан бемордаги клиник ўлим биологик ўлимга айланган. Бемор Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига олиб келинганда, унда тириклик аломатлари аниқланмаган”, дейди Қарши туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Икром Ҳайитов.
Қайд этилишича, “Қуйибешкент” маҳалласида жойлашган ушбу сув ҳавзаси фаолиятини бошлаганига эндигина икки ой бўлган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Қашқадарё вилояти ИИБ масъуллари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Сузиш ҳавзаси фаолияти эса вақтинча тўхтатилган.