Қармоқда наҳанглар. Наманган шаҳар ҳокими 60 000 $ пора билан қўлга тушди (видео)

3-саҳифа

image

Наманган шаҳри ҳокими Анвар Отахўжаев 60 минг доллар пора олаётганда қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Наманган шаҳар ҳокими ва пойабзал ишлаб чиқарувчи МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган, маънан эскирган тураржой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб МЧЖ раҳбари ушбу сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, шаҳар ҳокими ўзининг яна бир ишончли одами бўлган – ҳокимликнинг девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг АҚШ долларини олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.

Ҳозирда Наманган шаҳар ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бошқармаси Тергов бўлими томонидан унга ва девонхона мудирига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми “а” банди билан, МЧЖ раҳбарига нисбатан эса Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси (Пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Билдирилишича, шаҳар ҳокимига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов доирасида ҳокимнинг бошқа ноқонуний ҳаракатларига нисбатан ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.

Маълумот учун, Анвар Отахўжаев 2023 йилнинг 18 декабридан буён Наманган шаҳри ҳокими лавозимини эгаллаб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими пора билан қўлга тушган эди. У умумий ўрта таълим мактаби биносини барпо этиш учун ажратилган 1,7 гектар ер майдонида 8 та кўп қаватли уйлар қурилишига рухсат олиб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

пора Наманган ҳоким Анвар Отахўжаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг