Қариндошлари билан алоқани узиш, инсоний фазилатдан узоқлашиш демакдир
Фойдали
−
27 Апрель 2020
5462Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан таҳририятимизда диний-маърифий мавзуларда мазмунли суҳбатлар ҳавола этиб бориляпти. Ушбу суҳбатларда Рамазони шарифнинг фазилати, инсоннинг юксак ахлоққа эришиш йўллари, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги фарқ ва бошқа кўплаб фойдали нарсалар ҳақида сўз юритилмоқда. Суҳбатдошимиз Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов билан ўтган бугунги суҳбатимиз силаи раҳм ҳақида бўлди.
“Мўмин одам бу ойда устозсиз, мураббийсиз ўзини ўзи тарбия қилмоқда. Рўзадор рўзанинг талабларига риоя қилиб, ундаги фазилатларни ҳаётига тадбиқ этиб, ахлоқини сайқаллайди. Ана шундай фазилатлар бири бу – силаи раҳм.
Силаи раҳм деганда қариндош-уруғ, ёру дўстларга, ўз атрофидагиларга яхши муносабатда бўлишлик тушунилади. Бунга энг ҳақли инсонлар, аввало, ота-оналаримиздир. Агар отамиз ва онамиз баробар келсалар, инсоннинг силаи раҳмига муносиб зот унинг онаси бўлади. Кейин отаси туради. Фарзандлар, ака-укалар ёки ота-онаимизнинг ака-укалари – амма, тоға, холалар ёки уларнинг фарзандлари яхшилигимизга, ширинсуханимизга, кўмагимизга, мададимизга бирични ҳақли инсонлардир.
Мўмин одам Аллоҳга иймон келтирса, жаннатдан умидвор бўлса, Русулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг умматиман деса, қандай ҳам силаи раҳм қилмасин. Халқимиз ҳаётини олиб қарайдиган бўлсак, у силаи раҳм билан буткул зийнатланганини кўриш мумкин. Ота-боболаримиз айтади, бундан юз йил олдин бизда гўрков бўлмаган. Қариндош-уруғнинг ўзи, ёшлар, йигитлар қабр кавлашган. Майитни ювувчи, шу ишга мослаб қўйилган бир одам бўлмаган. Қариндош-уруғларнинг ўзи шу иш билан шуғулланган. Иморатини ҳашар билан кўтарган. Тўйини ҳашар билан қилган”, деди Раҳимберди домла Раҳмонов.
Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, коронавсирус сабаб синовли кунларда айрим ёш йигитлар қўлларидан келган саховатни қилмоқда. қариндош-уруғига, ёру дўстларига, маҳалла-куйга эҳсонлар қилишмоқда. Оддий тадбиркор йигитлар 150-300 талаб хонадонга хайр-эҳсон улашмоқда.
“Расули Акрам алайҳиссалом бир куни саҳобалар билан суҳбат қила туриб: “ораларингда қариндош-уруғ билан гаплашмайдиган, силаи-раҳмни узган одам бўлса, туриб чиқиб кетсин”, дедилар. Бир йигит ўрнидан туриб чиқиб кетди. Бироз ўтгач, қайтиб келиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўтиришга изн сўради. Ва айтдики, “Ё Расулуллоҳ, менинг бир холам бор эди. Икки йилдан бери гаплашмасдан юрган эдим. Мана шу холамнинг олдиларига бориб, розиликларини олдим. У киши рози бўлгач, ҳузурингизга қайтиб келдим”, деганида Расули Акрам алайҳиссалом: “Қайси бир қавмнинг орасида битта силаи раҳмни узган одам бўлса, ўша одамнинг сабабидан Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлмайди”, дедилар.
Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қачон суҳбат қилмоқчи бўлсалар, ундан олдин бир эълон қилардилар. “Муҳтарам азизлар, ораларингда қариндош-уруғ билан гаплашмайдиган, силаи-раҳмни узган одам бўлса, туриб чиқиб кетсин, бизнинг дуоларимиз қабул бўлмайди”, дер эканлар.
Қариндошлари билан алоқани узган, улар билан гаплашмайдиган одам бўлса, мана шундай одамнинг касрига жамоанинг дуоси қабул бўлмас экан. Шу сабаб, бандачиликка бориб қариндошлар, қўни-қўшнилар, ёру дўстлар орасида гап қочган бўлса, уларни унутиб, самимийликни тиклаш улуғ фазилатдир”, деди Раҳимберди домла Раҳмонов.
Суҳбатимиз давомида мана шу мавзуга оид яна кўплаб фикрлар билдирилди. Инсоний фазилатларни юксакка кўтарувчи тавсиялар ҳақида сўз борди. Силаи раҳмни маҳкам ушлаш мўмин банданинг бурчи экани таъкидланди.
LiveБарчаси