Қариндош-уруғчилик қилган Бош вазирнинг укасига суд ҳукми ўқилди
Олам
−
14 июл 5350 3 дақиқа
Испания Бош вазири Педро Санчеснинг укаси Давид Санчес давлат лавозимига тайинланиши билан боғлиқ непотизм ишида маъмурий ваколатларни суиистеъмол қилишда айбдор деб топилди. Бу ҳақда суд қарорига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Бадахос суди Давид Санчесни 2017 йилда ушбу вилоят ҳукуматида маданият соҳасидаги лавозимга тайинланиши билан боғлиқ иш бўйича маъмурий қонунбузарликда айбдор деб топган ва уни тўққиз йил давомида давлат лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган.
Ушбу қарор сўнгги икки йил давомида коррупция терговлари ва турли можароларга дуч келган социалист Бош вазир Педро Санчес ҳукумати учун навбатдаги сиёсий зарба бўлди. Ўтган ой Санчеснинг собиқ яқин ёрдамчиларидан бири алоҳида коррупция иши бўйича 24 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Тергов маълумотларига кўра, Давид Санчес Бош вазир билан қариндошлик алоқаси туфайли айнан ўзи учун мослаштирилган лавозимдан манфаат кўрганликда айбланган. Ушбу лавозим ажратилган пайтда Педро Санчес эндигина мухолифатдаги Социалистик партия раҳбари этиб сайланган эди. Бош вазир эса бу ишни ўта ўнг кучлар томонидан олиб борилаётган сиёсий кампаниянинг бир қисми сифатида баҳолаган.
Суд Бадахос вилояти мусиқа консерваторияларини бошқариш учун ажратилган лавозим ҳақиқий маъмурий эҳтиёжсиз ташкил этилганини ва у асосан Давид Санчеснинг шахсий манфаатларига хизмат қилганини таъкидлаган.
“Айбланувчилар муайян шахсларга манфаат етказиш мақсадида ҳокимият ваколатларини мутлақо асоссиз тарзда амалга оширган”, дейилади суд қарорида.
Шунингдек, кейинчалик лавозим вазифалари Давид Санчеснинг опера санъатига қизиқишини ҳисобга олган ҳолда ўзгартирилгани қайд этилган.
Суд таъсир ўтказиш орқали манфаат кўриш айбловини рад этган. Бу модда бўйича айбдор деб топилганда қамоқ жазоси тайинланиши мумкин эди. Ўнг қанот босим гуруҳлари Давид Санчесга нисбатан қамоқ жазоси талаб қилган бўлса, прокурорлар ишни тугатишни сўраган эди. Давид Санчес суд жараёнида ўзини айбсиз деб ҳисоблаган.
Мухолифатдаги Халқ партияси матбуот котиби Эстер Муньос Педро Санчеснинг истеъфога чиқиш вақти аллақачон келганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, суд Бош вазирнинг тайинлов жараёнига аралашганини тасдиқламаган бўлса-да, укаси учун махсус лавозим яратилгани тасодиф эмас.
Ҳукумат матбуот котиби Эльма Саис Мадрид суд жараёнини ҳурмат қилишини ва юқори инстанция судлари охир-оқибат Давид Санчесни оқлашига ишонишини билдирган. Каталониянинг мустақиллик тарафдори бўлган ERC партияси вакили, Санчеснинг озчилик ҳукумати иттифоқчиси Габриэль Руфиан эса Давид Санчесга нисбатан қўлланган тўққиз йиллик тақиқни ҳаддан ташқари оғир жаза деб баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёлнинг рафиқаси Ким Гон Хи давлат лавозимларига тайинлов эвазига пора олганликда айбдор деб топилиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.
Live
БарчасиТошкентдаги уйга ўт кетди
14 июл