Қандай ҳолларда авиакомпания йўловчиларга компенсация тўлайди?
Жамият
−
28 Декабрь 2022
9933Ўзбекистонда декабрда ноқулай об-ҳаво туфайли самолётлар 58 марта бошқа аэропортларга йўналтирилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Uzbekistan Airways" акциядорлик жамияти матбуот котиби Камола Икромова маълум қилди.
Статистика маълумотларига кўра, авиакомпания жадвал асосида 2290 та авиақатновни амалга оширган. Шулардан 925 таси кечиктирилган ҳолда бажарилган. 26 декабрь ҳолатига кўра, жадвал асосида 1957 та авиақатнов амалга оширилган. Шулардан умумий ҳисобда 1136 таси кечиктирилган.
Қайд этилишича, авиақатновларнинг кечиктирилиши ёки амалга оширилмаслигининг асосий сабаби икки турга бўлинади. Булардан бири авиакомпания сабаб, яъни самолёт техник хизмат кўрсатишга муҳтожлиги, ҳаво кемасининг белгиланган манзилдан кеч етиб келгани, компания томонидан рейснинг бекор қилиниши. Иккинчи сабаб эса ноқулай об-хаво шароити, маҳаллий аэропортларнинг вақтинчалик ёпилиши ҳисобланади.
Декабрь ойида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли самолётлар 58 марта бошқа аэропортларга мажбурий равишда йўналтирилган. Жумладан, Навоий – 13 марта, Наманган – 8 марта, Бухоро – 3 марта, Самарқанд – 14 марта, Тошкент – 10 марта, Фарғона – 7 марта.
Маълум қилинишича, авиақатновлар авиакомпания томонидан кечиктирилган ёки бекор қилинганда йўловчиларга 2 соатдан юқори бўлган кутиш вақтида сув, 4 соатдан 6 соатгача бўлган кутиш жараёнида иссиқ таом тақдим этилади. Агар кутиш вақти кундузи 12 соатдан, кечаси 6 соатдан ошса йўловчилар меҳмонхона ҳамда иссиқ овқат билан таъминланади.
Ноқулай об-ҳаво шароити сабабли авиақатновлар кечиктирилган ёки бекор қилинганда эса йўловчилар авиачипталарнинг тўлиқ қийматини чипта сотиб олинган жойдан қайтариб олиш ёки бошқа санага бепул қайта брон қилиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилаётган рейсларнинг учиб келиш терминали турли сабабларга кўра ўзгарса, йўловчилар авиакомпания томонидан ўз манзилларига ер транспорти орқали етказиб қўйилади. Агар бу жараён амалга оширилмаса, йўловчиларга авиакомпания томонидан авиачипта тариф тури ва етиб бориш манзилидан келиб чиққан ҳолда 25% миқдорда компенсация тўланади.
Хорижий мамлакатлардаги қўниш терминали ўзгарган ҳолларда авиакомпания йўловчиларни ўз манзилларига етказиб қўйишга жавобгар ҳисобланади.
Авиақатнов вақти, соати, йўналиши ва қўниш терминали ўзгарган ҳолларда авиакомпания алоқа маркази бу ҳақда йўловчи аэропортга келишидан аввал у чипта харид қилаётганда ёзиб қолдирган рақами ва почта манзилига хабар юборади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь