Қамоқда қолаётган Гулнора Каримова набирали бўлди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, собиқ Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси 49 яшар Гулнора Каримова қамоқхонада қоларкан, набирали бўлди. Бу Каримованинг ўғли Ислом Каримовнинг Instagram’даги саҳифасига жойлаштирган суратидан маълум бўлмоқда. 

Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов саҳифасига бир неча ойлик гўдакнинг суратини жойлаштирган. Суратда болакай қўлида “Foreign Affairs” журналини тутиб, уни бир учидан тишлаб турганини кўриш мумкин. 

Сурат остидаги изоҳларда Исломнинг кузатувчилари “Бу сизнинг ўғлингизми?”, деб сўраган. Каримов саволларга “ҳа”, деб жавоб қайтарган. 

Ушбу сурат остига изоҳ ёзаётганларнинг аксарияти болакайга узоқ умр, бобосидек арбоб бўлишни ва тез орада бувиси уни қучоғига олишини тилашган. 

Бу Каримовлар оиласида туғилаётган илк эвара. Ислом – оиланинг бош набираси – Мансур Мақсуди ва Гулнора Каримованинг тўнғич фарзанди. Гулноранинг собиқ турмуш ўртоғидан Имон исмли қизи ҳам бор. Жамоатчилик Имон Каримовани онаси ҳуқуқлари ҳимоясига отланганидан буён яхши танийди. 

Шунингдек, Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляеванинг ҳам уч фарзанди бор. Улардан тўнғичи Марям Тилляева ўтган йили россиялик блогер Амиран Сардаровга турмушга чиқди. Ҳозирча уларнинг фарзанди йўқ, Лола Каримова эса қизи билан алоқани узган. 

Марҳум Президент Ислом Каримов қизлари Гулнора ва Лоладан аввал бир ўғил фарзанд кўргани кўпчиликка маълум. Бироқ, Ислом Каримовнинг ўғли, унинг оиласи ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. 

Маълумки, Каримовлар оиласининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йилдан буён жиноятлари учун жавоб бермоқда. У айни вақтда ҳибсда. Оиланинг кенжаси Лола Каримова-Тилляева эса отасининг вафотидан сўнг, турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. У масофадан туриб, “Сен ёлғиз эмассан” фонди ҳамда Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини бошқариб келади. У АҚШда "The Harmonist" атторлик буюмлари брендига асос солган.

Каримовлар оиласидан фақат Татьяна Каримова Ўзбекистонда истиқомат қилмоқда. У Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва Каримов номидаги Республикаси жамоат фонди фаолиятини юритишда бош-қош. Бугунгача собиқ биринчи хоним оила атрофидаги машмашаларга матбуот орқали муносабат билдирмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

2115

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг