“Қамчиқ”да мудҳиш ЙТҲ! 3 киши ҳалок бўлди
3-саҳифа
−
11 Сентябрь 2022
13529Кеча, 10 сентябрь куни “Қамчиқ” довонида Isuzu юк автомобили ва бир нечта енгил транспорт воситалари иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 3 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ЙТҲ 10 сентябрь куни соат 22:46 да “Тошкент-Ўш” халқаро автомобиль йўли 247-километрининг "Қамчиқ" довони қисмида содир бўлган.
Фарғона водийси томон ҳаракатланаётган Isuzu русумли юк машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, бир нечта автомобиллар иштирокида ЙТҲ содир этган. Тўқнашув оқибатида айрим автомобиллар ёниб кетган. Воқеа жойида 3 киши ҳалок бўлган, 5-7 киши жароҳатланган.
Зудлик билан ҳодиса жойига ФВВнинг "Қамчиқ" Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасидан 2 та экипаж ва 1 та автоэвакуатор етиб борган ҳамда ёнаётган машиналар соат 23:50 да ўчирилган. Шунингдек, қутқарувчилар томонидан воқеа жойида жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган. Орадан оз вақт ўтиб шифохонада яна 1 нафар фуқаро вафот этган.
Ҳозирда "Қамчиқ" довони автомобиллар ҳаракати учун очиқ.