Қамчибек Ташиевнинг укаси ҳибсга олинди

Олам

image

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиевнинг укаси собиқ депутат Шоирбек Ташиев “Қирғизнефтегаз”даги коррупция ҳолатлари юзасидан қўзғатилган жиноий иш доирасида ҳибсга олинди. Бу ҳақда “24.kg” хабар қилди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда у Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Жиноят ишига Давлат солиқ хизмати олиб борган тергов асос бўлган. Унда 2021–2025 йиллар давомида “Қирғизнефтегаз”да йирик миқдордаги талон-торожликлар аниқланган.

Тергов материалларига кўра, давлат компаниясига воситачи орқали маҳсулотни арзон олиб, қиммат сотиш ва хомашёни шубҳали тарзда ҳисобдан чиқариш орқали 4 миллиард сом (тахминан 550 млн сўм)дан ортиқ зарар етказилган. Молиявий операциялар таҳлили даромадларни хусусий тузилмаларга чиқариб юборишнинг учта каналини аниқлаган. Тергов бу тузилмаларни Қамчибек Ташиев атрофидаги шахслар билан боғламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон парламенти депутати Шоирбек Ташиев Ички ишлар вазирлиги томонидан сўроққа чақирилганди. Бироқ унинг айнан қайси жиноий иш доирасида сўроқ қилингани айтилмаган.

Шундан сўнг у яна сўроққа чақирилганди. Бу сафар у гувоҳ сифатида чақирилган ва қайси иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилгани маълум қилинмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон ҳибс Шоирбек Ташиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг