Ижтимоий карта билан автобус ва метрода бепул юриш мумкин бўлади
Жамият
−
13 Декабрь
2718Президент Шавкат Мирзиёев фуқароларнинг оворагарчилигига чек қўйиш вақти келганини таъкидлаб, барча ҳужжатларни ўрнини босадиган битта – ижтимоий карта жорий этилишини эълон қилди. Бу ҳақда у бугун, 13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Ҳозирги кунда 65 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун фуқаролар туғилганлик, ногиронлик тўғрисида, пенсия, талабалик гувоҳномаси, банк картаси каби 10 дан ортиқ ҳужжатни кўтариб юришга мажбур. Президентнинг таъкидлашича бундай оворагарчиликка чек қўйиш вақти келган.
Ижтимоий карта билан автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш мумкин бўлади, нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади.
Бу тизим 1 июлгача Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида синовдан ўтказилади, йил якунигача ҳамма жойда ишга туширилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 20 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги хизматлар қамровини янада кенгайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида 1 октябридан Ўзбекистонда аҳолига кўрсатиладиган барча ижтимоий ёрдамларни “ижтимоий карта” орқали молиялаштириш жорий этилиши маълум қилинганди. 2024 йил 18 июлдаги “Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб пенсия олувчиларга ўз хоҳишига кўра, ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлиги бўйича пенсияларни ижтимоий карта орқали олиш ҳуқуқи берилади. Жорий йил 1 декабрдан эса янги тайинланадиган ижтимоий тўловлар, хизматлар ва имтиёзлар “ижтимоий карта”га ўтказилади. Қўллаб-қувватлаш чоралари ушбу карта орқали тақдим этилади.
LiveБарчаси