Июнь ойида Ўзбекистонда қандай об-ҳаво кутиляпти?

Бу қизиқ

image

Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида ёғингарчилик меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати эса меъёрдан бироз юқори бўлади. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази директори Шерзодхўжа Ҳабибуллаев маълум қилди.

Ўзбекистон бўйича 2022 йил июнь ойи учун дастлабки об-ҳаво прогнозларига кўра, Қорақалпоғистон, Хоразм вилояти ва Навоий вилоятининг шимолий туманларида ҳавонинг ўртача ойлик ҳарорати меъёрдан 1-2 даражага юқори бўлиб, 26-28 даражани ташкил этади. Ой давомида ҳарорат кечалари 20-25 даражадан 13-18 даражагача, кундуз кунлари 36-41 даражадан 27-32 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Ойлик ёғин миқдори меъёрдан кам бўлиши (меъёр 3-11 мм, Устюртда 
12-16 мм) кутилмоқда. Ойнинг айрим кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро вилоятлари ва Навоий вилоятининг жанубий туманларида ҳавонинг ўртача ойлик ҳарорати меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан 1-2 даражага юқори бўлиб, 25-30 даражани ташкил этади. Ой давомида ҳарорат кечалари 18-23 даражадан 12-17 даражагача, кундуз кунлари 34-39 даражадан 29-34 даражагача ўзгариб туриши мумкин. Ойлик ёғин миқдори меъёр атрофида бўлиши (меъёр 6-14 мм, Бухоро, Навоий вилоятларида 1-4 мм, тоғолди ва тоғли ҳудудларда 20-46 мм) кутилмоқда. Ойнинг айрим кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳавонинг ўртача ойлик ҳарорати меъёр атрофида бўлиб, 26-29 даражани ташкил этади. Ой давомида ҳарорат кечалари 21-26 даражадан 15-20 даражагача, кундуз кунлари 37-42 даражадан 31-36 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Ойлик ёғин миқдори меъёрдан кам бўлиши (меъёр 2-8 мм, тоғолди ва тоғли ҳудудларда 10-47 мм гача) тахмин қилинмоқда. Ой давомида ёмғир ёғиш эҳтимоли кам.

Фарғона водийсида ҳавонинг ўртача ойлик ҳарорати меъёр атрофида бўлиб, 24-27 даражани ташкил этади. Ой давомида ҳарорат кечалари 17-22 даражадан 12-17 даражагача, кундуз кунлари 32-37 даражадан 27-32 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Прогнозга кўра, ойлик ёғин миқдори меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлади (меъёр 6-12 мм, тоғли ҳудудларда 17-56 мм). Ойнинг айрим кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

“Ҳозирги вақтда келгуси ой учун тузиладиган об-ҳаво маълумотларини тайёрлашнинг ишончли усуллари йўқлиги туфайли, уларнинг аниқлиги қиш ва ўтиш даврлари учун ҳарорат бўйича 70-75 фоизни, ёғингарчилик бўйича 55-60 фоизни; ёзги мавсум учун ҳарорат бўйича 83-88 фоизни, ёғингарчилик бўйича 65-70 фоизни ташкил этади. Буни ҳисобга олиб, ойлик об-ҳаво маълумотларини маслаҳатомуз деб қабул қилиш лозим”, дея қўшимча қилган Ҳабибуллаев.

Унинг сўзларига кўра, ойлик об-ҳаво маълумотлари мунтазам равишда 2-6 кунлик прогнозлар билан янгиланади.


Мақола муаллифи

Теглар

об-ҳаво

Баҳолаганлар

441

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг