Италиянинг 60 дан ортиқ шаҳрида 1,5 млн одам намойишга чиқди

Олам

−

image

Италиянинг 60 дан ортиқ шаҳрида яшаш нархларининг ошиши ва ҳарбий харажатларнинг кўпайишига қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда DW хабар берди.

 

Кеча, 30 октябрь куни ўтказилган намойишларда иштирокчилар ижара ҳақи ва ёқилғи нархларининг ошишига норозилик билдирган. Шунингдек, мамлакат бўйлаб 24 соатлик умумий иш ташлаш ҳам эълон қилинган.

Намойишларни ташкил этган USB касаба уюшмаси маълумотларига кўра, акцияларда 1–1,5 миллион киши қатнашган. Италия Ички ишлар вазирлиги эса иштирокчилар сонини 255 минг киши деб баҳолаган.

Намойишчиларнинг асосий шиорларидан бири “Бизга кўпроқ бомба эмас, кўпроқ уй-жой керак” бўлган. Улар давлат маблағларини ҳарбий харажатларга эмас, аҳолининг кундалик эҳтиёжларига йўналтиришни талаб қилган.

Италия миллий ахборот агентлигига кўра, Рим ва Туринда намойишлар вақтида тартибсизликлар юз берган. Айрим иштирокчилар ахлат қутиларига ўт қўйиб, полицияга турли буюмларни улоқтирган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари бунга кўздан ёш оқизувчи газ ва сув тўплари билан жавоб қайтарган. Бошқа шаҳарлардаги намойишлар эса асосан тинч ўтган.

Италия ички ишлар вазири Маттео Пьянтедози полиция ҳаракатларини изоҳлаб, кўрилган чоралар тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга хизмат қилганини билдирган.

Маълумот учун, сўнгги ҳафталарда Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам яшаш харажатлари ошишига қарши норозилик намойишлари кузатилмоқда. Хусусан, Францияда ўтказилган акциялар айрим ҳудудларда полиция билан тўқнашувларга айланган. Бугун, 31 октябрь куни Германиянинг 30 дан ортиқ шаҳрида ҳам шунга ўхшаш намойишлар ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда мамлакат бўйлаб ўтказилиши режалаштирилган норозилик намойишлари вақтида жамоат тартибини сақлаш учун 70 минг нафар полициячи сафарбар этилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг