Италияда одам самолёт двигателига кириб кетди (видео)

Олам

image

Италия шимолидаги Бергамо шаҳрида жойлашган Орио-аль-Серио аэропортининг учиш-қўниш йўлагидаги ҳалокатли ҳодисадан сўнг ҳаво бандаргоҳи 8 июль куни режалаштирилган барча парвозларни тўхтатди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.

Миландаги ушбу аэропортда эркак Airbus A319 самолёти ҳаракатланаётган вақтда унинг двигателига кириб кетган ва ҳалок бўлган. Аэропортни бошқарадиган Sacbo компанияси берган баёнотга кўра, у Бергамо аэропортининг йўловчиси ҳам, ходими ҳам бўлмаган.

Volotea авиакомпаниясининг Астурияга учаётган ушбу самолёти мудҳиш ҳодисадан олдин парвозни амалга оширишга тайёрланаётган эди. Эркак қандай шароитда учиш-қўниш йўлагига тушиб қолгани номаълумлигича қолмоқда – тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Самолёт бортида 154 йўловчи ва олти экипаж аъзоси бўлган. Уларнинг ҳеч бири жабрланмаган. Йўловчилар ва экипажга профессионал психологик ёрдам кўрсатилган.

Sacbo номи билан танилган Бергамо аэропорти маъмурияти учиш йўлагидаги ҳодиса туфайли аэропортни маҳаллий вақт билан соат 10:20 да ёпди.

Ryanair’нинг Кротоне, Прага, Задар, Тирана, Кос, Мальта, Неаполь, Порто, Альгеро, шунингдек, Eurowings’нинг Дюссельдорфга рейслари бекор қилинди.

Парвозлар тушда қайта тикланди, аммо кейинроқ баъзи кечикишлар ҳақида хабар берилди, жумладан, Ryanair’нинг Фес, Лиссабон, Копенгаген, Бристоль ва Кальярига рейслари, AJet’нинг Истанбулга рейслари ва AirArabia’нинг Касабланкага рейслари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мисрнинг Шарм аш-Шайх аэропортидаги учиш ҳудудида реклама тахтасининг қулаб тушиши оқибатида Қозоғистон фуқароси ҳалок бўлганди, яна икки аёл жароҳат олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Италия самолёт двигатели Орио-аль-Серио

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг