Италияда катта шаҳар жарлик ёқасида қолмоқда

Олам

image

Сицилиянинг Нишеми шаҳри бир неча кундан бери тубсизлик ёқасида турибди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Маълум бўлишича, шаҳарнинг 25 минг аҳолиси бир неча кун давомида 25 метрлик тубсизлик ёқасида яшаб келмоқда. 25 январь куни Гарри циклони олиб келган кучли ёмғирдан сўнг вайронкор кўчки шаҳарнинг бутун ёнбағрини вайрон қилган ва 4 километр узунликдаги жарликни ҳосил қилган.

Оқибатда йўллар қулаб тушган, машиналарни ер ютиб юборган ва шаҳар тузилишининг бутун бир қисми водийга тушиб кетган. Ўнлаб уйлар кўчки четида хавфли тарзда осилиб турибди.

Расмийлар ҳозиргача 1600 дан ортиқ одамни эвакуация қилган. Тарихий марказнинг бутун бир қисми исталган вақтда пастга силжиши мумкин ва ХХVII аср черковлари хавф остида қолган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Нишемидаги кўчки иқлим фавқулодда ҳолати Ўрта ер денгизини қандай ўзгартираётганининг сўнгги белгисидир. Бу ерда ўнлаб йиллар давомида нуқсонли қурилиш сиёсатига бефарқлик ва назоратдан ташқаридаги урбанизация модели сабаб деб кўрсатилган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида эълон қилинган миллий статистика агентлиги ҳисоботига кўра, Италияда қурилган ҳар 100 та янги уйнинг 15 тасида зарур рухсатномалар йўқ. Италия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ассоциациясига  кўра, бир  асрдан кўпроқ вақт ичида 14 мингдан ортиқ жойда 17 мингга яқин йирик кўчкилар қайд этилгани оқибатида деярли 6 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган.

Маълумот учун, 1998 йилда Италиянинг энг ҳалокатли кўчкиларидан бири жанубий Кампания минтақасидаги Сарно шаҳрида содир бўлган. Ўшанда бир неча кун давом этган кучли ёмғирдан кейин бутун тепаликлар қулаб тушган ва 160 киши ҳалок бўлган. Кейинчалик ўтказилган терговлар натижасида, кўплаб уйлар беқарор қияликларда ноқонуний равишда қурилгани аниқ бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мисрда ернинг чўкиши оқибатида чуқурлиги 15 метр бўлган улкан ўра ҳосил бўлиб, икки дўкон бутунлай ер остига қулаб тушгани ҳақида хабар берилганди.

Жавоҳир Алиқулов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Италия жарлик тубсизлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг