Италияда бурқа, ниқоб ва паранжи тақиқланиши мумкин
Олам
−
09 Октябрь 2025 1893 2 дақиқа
Италия Бош вазири Жоржия Мелони раҳбарлик қилаётган “Италия биродарлари” (Fratelli d’Italia, FDI) партияси парламентга бурқа, ниқоб ва паранжини жамоат жойларида кийишни тақиқлаш ҳамда масжидларни молиялаштириш устидан назоратни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритди. Бу ҳақда партиянинг расмий сайтида хабар берилди.
FDI партияси депутатлари парламентнинг қуйи палатаси – Депутатлар палатасига “Камситишга қарши” номли қонун лойиҳасини тақдим этган. Ҳужжатда бурқа, ниқоб ва паранжини давлат муассасалари, мактаблар ва университетлар каби жамоат жойларида тақиқлаш, масжидлар учун хайрия ва молиялаштиришда шаффофлик қоидаларини жорий этиш, шунингдек “мажбурий никоҳ” жинояти учун оғирроқ жазолар белгилаш таклиф этилган.
Қонун лойиҳасига кўра, паранжи тақиқини бузган шахслар 300 дан 3000 еврогача жаримага тортилиши мумкин. Жорий йилнинг январь ойида Мелони коалициясидаги ўта ўнг “Лига” партияси ҳам жамоат жойларида “юзни тўсадиган” кийим – бурқа ва паранжига тақиқ қўювчи қонун лойиҳасини парламентга киритган. Бироқ унинг кўлами FDI таклифига нисбатан торроқ бўлган.
Ҳозирда “Лига” партияси лойиҳаси парламентнинг тегишли қўмитасида кўриб чиқилмоқда, аммо у FDI лойиҳаси билан бирлаштириладими йўқми номаълум. Қонун лойиҳаларининг парламентда муҳокама қилиш санаси ҳали белгиланмаган, бироқ ҳукуматдаги ўнг партиялар кўпчилиги туфайли уларнинг қабул қилиниш эҳтимоли юқори экани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австрия Ёшлар ва оила ишлари бўйича вазири Клаудия Плакольм Австрия матбуот агентлигига берган интервьюсида мамлакатда 14 ёшгача бўлган ва мактабда таҳсил олаётган ўқувчи қизларга ҳижоб ўраш тақиқланиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган эди.