Италия Исроил мадҳиясига нисбатан ҳурматсизлик учун жазоланади
Спорт
−
18 Октябрь 2025 15966 1 дақиқа
2026- йилги Жаҳон чемпионати Европа саралаш босқичи доирасидаги Италия – Исроил (3:0) учрашуви чоғида маҳаллий мухлисларнинг катта қисми Исроил мадҳияси куйланаётган пайтда ҳуштакбозлик қилди. Ушбу ҳолат юзасидан FIFA Италия футбол федерацияни жазолайди. Бу ҳақда “fanpage” нашри хабар берди.
Манбага кўра, бу ҳаракат FIFA тартиб-интизом кодексига зид ҳисобланади ва Италия футбол федерацияси ушбу ҳурматсизлик ҳолати учун FIFA томонидан санкцияга тортилиши мумкин. FIFA тартиб-интизом кодексининг “Ўйинлардаги тартиб ва хавфсизлик”га бағишланган 14-моддаси қуйидагича қайд этилган:
“Мезбон жамоаси ўйинлардан олдин, вақтида ва сўнгида стадиондаги тартиб ҳамда хавфсизлик учун жавобгар ҳисобланади. Агар мухлисларнинг номақбул хатти-ҳаракатлари қайд этилса, улар бунга бевосита алоқадор эмаслигини исботлай олмаса, ассоциация жавобгарликдан озод этилмайди”.
Худди шу модданинг “г” бандида “давлат мадҳиялари ижро этилаётган пайтда тартибсизликларни келтириб чиқариш” ҳолатлари ҳам қатъиян ман этилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу ўйиндан бир неча соат олдин Удине марказида Фаластин тарафдорлари ва полиция ўртасида тўқнашувлар кузатилгани ҳақида ҳам хабар берилган эди. Бироқ бу воқеаларга FIFA баҳо берадими ёки йўқми, ҳозирча номаълум.
Live
Барчаси