Истанбулдан келаётган йўловчининг сумкасидан тимсоҳ боши топилди

Олам

image

Италиянинг Турин шаҳридаги Каселле аэропортида йўловчининг юкидан йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган тимсоҳнинг боши топилди. Бу ҳақда жорий йилнинг 8 сентябрь куни Турин молиявий полицияси хабар берди.

Маълум қилинишича, эркак Майамидан Истанбул орқали Туринга келган. Божхона ходимлари билан ҳамкорликда ҳимоя остидаги ва йўқолиб кетиш хавфи бўлган ҳайвонлар савдосини назорат қилиш доирасида йўловчининг юки текширилган.

Текширув вақтида тимсоҳнинг қуритилган боши оддий ўраш қоғозига ўралган ҳолда аниқланган. Молиявий полиция маълумотларига кўра, шу тарзда у жўнаб кетган мамлакатдаги назоратдан яширилган.

Чегара хизмати тимсоҳ бошини мусодара қилган, йўловчи эса ҳимоя остидаги ҳайвон турига тегишли намуна учун зарур сертификат ёки рухсатномага эга бўлмаган ҳолда уни олиб киришга уринганликда гумонланиб, терговга жалб қилинган.

Агар айби исботланса, эркакка 20 мингдан 200 минг еврогача жарима ёки олти ойдан бир йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Тимсоҳлар 1973 йилда имзоланган Вашингтон конвенцияси доирасида ҳимоя қилинади. Ушбу халқаро келишув ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи бўлган ўсимлик ҳамда ҳайвонларни ноқонуний савдодан муҳофаза қилишга қаратилган.

Италия экзотик ҳайвонларни ноқонуний савдоси учун муҳим транзит нуқталардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, сайёҳлар Флоридадаги сувенир дўконларида кенг учрайдиган қуритилган тимсоҳ бошларини уларни олиб чиқиш ёки олиб кириш қонунга зид эканини билмаган ҳолда сотиб олишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга келаётган йўловчининг сумкасидан бўғма илон чиққани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг