Истанбулда қалбаки алкоголь сабаб вафот этганлар 30 нафарга етди
Олам
−
16 Январь
4331Сўнгги уч кун ичида Истанбулда қалбаки спиртли ичимликлардан ҳалок бўлганлар сони 30 нафарга етди. Ўтказилган операциялар давомида 8 та туманда жами 32 862 литр ноқонуний спиртли ичимлик мусодара қилинди ва 9 нафар гумонланувчи қўлга олинди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, қалбаки спиртли ичимликлар туфайли ўлимлар кўпайиши билан бирга хавфсизлик кучлари ҳаракатга тушган. Хусусан, Истанбул полицияси томонидан 8 та туманда ўтказилган рейдлар давомида ноқонуний спиртли ичимлик ишлаб чиқарувчи цехлар ва ички бозорда тарқатишни мақсад қилган шахсларнинг манзиллари аниқланиб, зарур чора-тадбирлар амалга оширилган. Суриштирувлар давомида этил ва метил спиртидан ноқонуний ичимлик ишлаб чиқараётган гумонланувчиларнинг шахсий маълумотлари ва яшаш жойлари аниқланган. Султонғози, Фотиҳ, Бакиркўй, Кючюкчекмеже, Чаталжа, Эсеньюрт, Зейтинбурну ва Бейкоз туманларидаги манзиллар ва транспорт воситаларига рейдлар уюштирилган.
Рейдлар давомида 9 нафар гумонланувчи қўлга олинган. Манзилларда ўтказилган тинтувлар давомида жами 32 862 литр ноқонуний метил ва этил спиртли суюқлик, 227 та сохта ичимлик шишаси ва жиҳозлар мусодара қилинган. Операция давомида қўлга олинган гумонланувчилардан 3 нафари полиция суриштирувларидан сўнг озод этилган. Қолган 6 нафарининг эса тергов ишлари давом этмоқда.
Маълумотларга кўра, жами 83 киши тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган бўлиб, уларда метанолдан заҳарланиш аниқланган. Ҳозирги вақтда тўрт киши шифохонадан чиқарилган, 31 киши реанимацияда, 18 бемор эса стационар даволанмоқда.
Ҳодиса юзасидан қўлга олинган 6 кишидан икки нафари Туркманистон фуқароси бўлиб, уларга нисбатан қасддан одам ўлдиришга уриниш моддаси бўйича айблов қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Истанбул шаҳрида қалбаки алкоголдан захарланиб, вафот этган ўзбекистонликлар сони 4 нафарга кўпайиб, 10 кишига етгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси