Истанбулда бир киши отиб ўлдирилди. Россия ва Тожикистон фуқаролари ушланди 

Олам

image

Икки нафар қуролланган шахснинг Истанбулдаги черковлардан бирига ҳужум қилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда "Reuters" хабар берди. 

Туркия расмийлари отишма Россия ва Тожикистоннинг ИШИД гуруҳига алоқадор фуқаролари томонидан уюштирилганини айтмоқда.

Воқеа маҳаллий вақт билан соат 11:40 атрофида (Гринвич бўйича 08:40) Истанбулнинг Сариер тумани ҳудудидаги Авлиё Мария черковида содир бўлган.

Кузатув камераларида черковдагилар ибодат қилаётган вақтида икки ниқобли шахс ичкарига кириб келгани ёзиб олинган.

Гумонланувчилар черковга эндигина кириб келган қора кийимли кишига қарата ўқ узиб, жароҳатлагандан сўнг хотиржам ортига қайтади.

Шундан сўнг, Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қотилликда гумонланаётган икки киши қўлга олинганини маълум қилди. Кейинроқ эса у Туркия полицияси ушбу қотиллик иши доирасида Истанбулдаги 30 манзил бўйлаб рейдлар уюштиргани ва 47 киши ушлангани ҳақида хабар берди.

"Икки гумонланувчи Тожикистон ва Россия фуқаролари. Тахминимизча, улар ИШИДга алоқадор бўлишган", дейди вазир.

Ҳалок бўлган шахс ҳақидаги тафсилотлар эса очиқланмаган. Ўзини қурбоннинг қариндоши деб таништирган шахснинг маҳаллий нашрларга берган интервьюсида "у 52 ёшда бўлгани ва эндигина насронийликни қабул қилмоқчи" эканлиги билдирилган.

Маълумот ўрнида, қотиллик рўй берган черков XIX асрда қурилган ва Босфор бўғози соҳили яқинида, Истанбулнинг Европа қисмидаги балиқ бозори атрофида жойлашган.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Истанбул

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг