Истанбул яна эътиборда. Россия-Украина музокараларининг 2-раунди бошланди (видео)

Олам

image

Бугун, 2 июнь куни Россия ва Украина ўртасида олиб борилаётган музокараларнинг иккинчи босқичи Истанбул шаҳрининг Чираған саройида бошланди. Бу ҳақда “Cumhuriyet” хабар берди.

Маълум бўлишича, икки томон ўртасидаги учрашувга Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан раислик қилмоқда. Қолаверса, музокараларда Туркия томонидан Миллий разведка ташкилоти раҳбари Иброҳим Калин ҳам иштирок этмоқда.

Учрашувда иштирок этаётган Россия делегациясига Президент Владимир Путиннинг маслаҳатчиси Владимир Мединский, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин, Мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин ва Бош штаб Бош бошқармаси раҳбари Игор Костюков кирган.

Украина томонидан эса Мудофаа вазири Рустам Умаров, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей  Кислица, Украина хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Александр Поклад ҳамда Ташқи разведка хизмати раҳбари ўринбосари Олег Луговский вакиллик қилмоқда.

Маълумот учун, жорий йилнинг 16 май куни Истанбулда ўтган биринчи турда томонлар 1000 нафар маҳбусни ўзаро алмашиш ва эҳтимолий сулҳ жараёнига оид ҳужжатлар алмашинуви бўйича келишувга эришганди.

Янги босқичда айни шу йўналишлар бўйича чуқурлаштирилган муҳокамалар олиб борилиши ва ишончни мустаҳкамлашга доир аниқ қадамлар қўйилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилиб, Украина ва Россия делегациялари ўртасидаги музокаралар якунланганидан сўнг тинчликка эришиш йўлидаги кейинги қадам давлат раҳбарлари даражасидаги учрашув бўлиши кераклигини таъкидлаганди. Ўз навбатида Украина Президенти ушбу музокарадан ҳам аниқ натижа кутаётгани йўқ. Масалан, у ўз Telegram-каналида Россия делегацияси учрашувларга ҳеч нарса тайёрламагани ва паст даражадаги таркиб билан иштирок этаётгани ҳақида ёзганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул музокара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг