Фидан Путин билан Украина бўйича сулҳни гаплашди
Олам
−
27 Май 5640 2 дақиқа
Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан кеча, 26 май куни Кремлда Россия Президенти Владимир Путиннинг қабулида бўлди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Россия томонидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам иштирок этди. Туркия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаларга кўра, музокараларда Украина ва Россия ўртасидаги урушни тугатиш бўйича сўнгги ташаббуслар ва 16 май куни Истанбулда бўлиб ўтган Украина бўйича музокаралардан кейинги воқеалар, иқтисодиёт ва энергетика соҳасидаги икки томонлама муносабатлар муҳокама қилинган.

Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Фидан билан Москвадаги музокараларда меҳмоннинг асосий суҳбатдоши Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров бўлишини ва “бу музокараларда асосий мавзу икки томонлама муносабатлар муҳокамаси бўлишини” эслатган эди.
“Албатта, Украина масаласи бўйича фикр алмашиш ҳам мажбурий бўлади”, деганди Песков.
Туркия матбуотига кўра, кеча куни тушдан кейин Фидан уч йил ичида Истанбулда бўлиб ўтган биринчи тўғридан тўғри Россия-Украина музокараларида Россия делегациясига бошчилик қилган Россия Президенти ёрдамчиси Владимир Мединский билан учрашган.
Бир кун аввал Россия ТИВ матбуот хизмати Лавровнинг Фидан билан музокаралари мавзуларини айтиб ўтган эди. Суриядаги ҳамкорлик, Қора денгизда хавфсиз юк ташиш, “Мовий оқим” ва “Турк оқими” газ қувурларидан фойдаланиш шулар жумласидандир.
Фидан Россияга Лавровнинг таклифига биноан келган, унинг ташрифи икки кун давом этади: 26-27 май. Шунингдек, у Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов билан учрашишни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари 16 май куни Истанбулда Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда иштирок этганди. Ўзининг кириш сўзида у музокарачилар олдида “икки йўл” борлигини, улардан бири “тинчлик сари”, иккинчиси эса “бундан ҳам катта ҳалокатга олиб келишини” айтганди.
Live
Барчаси