Исроилнинг Сурияга ракета ҳужуми оқибатида беш киши ҳалок бўлди
Олам
−
19 Февраль 2023
6347Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Дамашқ жануби-ғарбий ҳудудларига ракета ҳужуми оқибатида камида беш киши, жумладан Сурия армиясининг бир аъзоси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Сурия Қуролли кучлари қўмондонлигининг SANA агентлиги тарқатган баёнотида айтилди.
“Исроил томони соат 00:22 да Сурияга қарши ҳаво ҳужумини амалга оширди. Дамашқ шаҳри ва унинг атрофидаги баъзи нуқталарда ишғол қилинган Голан тепаликлари устидан ҳаво ҳудудидан ракеталар отилди”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, бунинг оқибатида катта моддий зарар кўрилган, жумладан аҳоли турар жойларидаги уйлар вайрон бўлган.
“Беш киши ҳалок бўлди, улардан бири аскар, яна 15 нафар фуқаро яраланди. Шифохонага ётқизилган баъзи одамларнинг аҳволи оғир”, дейилади хабарда.
Баёнотда Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳаво нишонларини ўққа тутгани ва ракеталарнинг кўп қисмини уришга муваффақ бўлгани айтилган.
“Al-Hadath” телеканалининг хабар беришича, Дамашқ жануби-ғарбидаги шиа жангарилари ётоқхонаси жойлашган бинога Исроил ракетаси келиб тушган.
Унга кўра, зарба Сурия жанубидаги Ал-Сувайда радиолокацион станциясига ҳам берилган.
LiveБарчаси