Исроилнинг Ғазога ҳужумида яна 23 фаластинлик ҳалок бўлди
Олам
−
08 Июль
3049Исроил армиясининг блокададаги Ғазо секторининг турли ҳудудларига уюштирган ҳужумлари оқибатида 23 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Тўқнашувлар Исроил армияси ва Фаластин қаршилик гуруҳлари ўртасида Ғазонинг Шужайя, Зайтун ва Тел ал-Ҳавва ҳудудларида давом этмоқда. Ғазо сектори шимолидаги Ғазо шаҳрида жойлашган Ал-Аҳли шифохонаси маъмуриятидан олинган маълумотларга кўра, Исроил армиясининг Ғазонинг Шайх Ридван ҳудудидаги уйга уюштирган ҳужуми оқибатида саккиз нафар фаластинлик, шаҳар жанубидаги Басра ҳудудида эса яна олти киши ҳалок бўлган.
Шунингдек, Ғазо шаҳрининг ғарбий қисмидаги Мина ҳудудидаги уйлардан бирига уюштирилган ҳужумда 3 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, Туффа ва Зайтун ҳудудларида эса кўплаб тинч аҳоли вакиллари яраланди. Сектор марказидаги Зеваидеҳ ҳудудидаги уйга уюштирилган ҳужум оқибатида олти фаластинлик қурбон бўлди ва кўплаб тинч аҳоли жароҳатланди.
Бундан ташқари, Нусейрат қочқинлар лагерига уюштирилган ҳужумда камида тўрт фаластинлик шикастланган. Шу билан бирга, Ғазонинг жанубий қисми – Хон Юнус шаҳридаги баъзи биноларга, хусусан, почта бўлимига ҳужум уюштирилган. У ерда эса яраланганлар сони уч нафарни ташкил қилди.
Маълумот учун, 2023 йил 7 октябрдан бери 37 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Ғазо секторидаги БМТ мактабига зарба бергани хабар қилинганди.
LiveБарчаси