Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини ортиқ қабул қилиб бўлмайди – Мерц

Олам

image

Германия канцлери Фридрих Мерц Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини танқид қилиб, “буни энди қабул қилиб бўлмаслиги”ни айтди.  Германия ҳукумати раҳбари бу ҳақда бугун, 18 июль куни Берлиндаги ёзги матбуот анжуманида гапирди.

Билдирилишича, Германия ҳукумати ўт очишни тўхтатиш ва минтақа аҳолисига ҳар томонлама гуманитар ёрдам етказилишини талаб қилмоқда. Мерцнинг сўзларига кўра, у бу борада Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан мунтазам шахсий мулоқотни олиб боради.

Унинг қайд этишича, Германия минтақада яшовчиларга гуманитар ёрдам кўрсатади ва агар Исроил ҳукумати бу саъй-ҳаракатларга ёрдам берса, кўпроқ нарсани қилишга тайёр.

Шу билан бирга, Мерц Ғазо атрофидаги вазият билан боғлиқ ҳолда Европа Иттифоқининг Исроил билан ҳамкорлик шартномасини тўхтатиб қўйиш имкониятини қўллаб-қувватламаслигини таъкидлади. Германия ҳукумати раҳбари, шунингдек, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини Россиянинг Украинадаги агрессив уруши билан тенглаштиришга қарши чиқди.

“Москванинг ҳарбий ҳаракатлари халқаро ҳуқуққа зид, Исроил эса ҳужумга учради ва ўзининг яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилмоқда”, деди Германия канцлери.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 июль куни Исроил Ғазо секторидаги ягона католик черкови – Муқаддас оила мажмуасига зарба берганди. Қуддус Лотин Патриархати Ғазо секторидаги ягона католик черковига уюштирилган ҳужумда 3 киши ҳалок бўлгани, 9 киши яралангани, улардан 3 нафари оғир аҳволда эканини маълум қилди. Жабрланганлар орасида черков руҳонийси Габриэль Романелли ҳам бор ва у енгил жароҳат олган.

Исроил Мудофаа кучлари тергов ўтказишини айтди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам Рим папаси Лео XIVга қўнғироқ қилди ва Ғазодаги черковнинг “тасодифан ўққа тутилганидан” чуқур афсусда эканини билдирди. Рим папаси “зудлик билан ўт очишни тўхтатиш”га чақирди.

Қуддус Лотин Патриархи Пьербаттиста Пиццабалла эса зарба хатолик туфуйли черковга тушганига  ишончи комил эмаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Исроил Фридрих Мерц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг