“Исроилни тўхтатиш керак”. Эрдўған “қора шаҳзода”га сим қоқди
Олам
−
14 Июнь 21672 3 дақиқа
Бугун, 14 июнь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Суҳбат чоғида Исроил-Эрон ўртасидаги зиддият ҳамда минтақавий ва глобал муаммолар муҳокама қилинган.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги Исроил – минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигига энг катта таҳдид бўлиб қолмоқда, бу ҳолат Эронга қилинган ҳужум билан яна бир бор намоён бўлган.
“Кескинликни камайтириш учун Исроилни тўхтатиш керак”, деган Туркия раҳбари.
Шунингдек, Эрдўған Эрон масаласи зудлик билан музокаралар орқали ҳал этилиши кераклигини айтиб ўтган.
“Минтақа янги инқирозни кўтара олмайди, вайронкор уруш минтақа мамлакатларига ноқонуний миграция тўлқинларини келтириб чиқариши мумкин. Эрон ядровий дастури бўйича зиддиятлар эса фақат музокаралар йўли билан ҳал этилиши лозим”, деган Туркия етакчиси.
Бундан ташқари, Эрдўған халқаро ҳамжамиятнинг Фаластинда босиб олиш ва геноцидга нисбатан етарли даражада жавоб бермаётгани оқибатида Исроилнинг ҳозирги жазоланмаслик ва тажовузкорлик даражасига етганини таъкидлаган.
“Исроилнинг АҚШ ва Эрон ядровий масала бўйича музокаралар орқали ечим излаётган вақтда Эронга ҳужум қилиши тинчликка эришиш йўлидаги ҳаракатларга зарба бўлди. Бу ҳужумлар оқибатида ядровий материалларнинг сизиб чиқиши минтақавий ва глобал хавфсизликка Исроилнинг масъулиятсиз таҳдидини яна бир бор кўрсатди”, деган Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 июнь куни Исроил Эронга ракета ҳужумлари уюштирди. Оқибатда мамлакатнинг бир нечта юқори лавозимли қўмондонлари, шунингдек, тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Шунингдек, ядровий иншоотлар зарар кўрди. Умуман олганда, Исроилнинг 13 июнга ўтар кечаси бошланган йирик зарбалари Эроннинг 20 га яқин юқори мартабали ҳарбий раҳбарлари ва асосий ядровий олимларининг ҳаётига зомин бўлди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларидан хавотир билдириб, томонларни босиқликка чақирди.
Исроил томонидан Эронга қарши амалга оширилган кенг кўламли ҳужумлардан сўнг, Эрон Исроилга қарши ўз жавоб зарбаларини йўллади. Эрон ҳарбий кучлари томонидан Исроил ҳудудига қарата 200 дан ортиқ дрон ва баллистик ракеталар учирилган. Исроил Мудофаа кучлари ушбу зарбаларни тасдиқлаган ва ҳаво мудофаа тизимлари зудлик билан ишга туширилган. ЦАХАЛ расмий баёнотида айтилишича, Исроил ҳаво мудофааси катта миқдордаги ҳужумчи дрон ва ракеталарни тутиб қолишга муваффақ бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва 10 дан ортиқ киши жароҳат олган. Исроил томони эса 1 кишининг ўлимини тасдиқлаган.
Live
Барчаси