Исроилни халқаро миқёсда ажратиб қўйиш керак – Эрдўған
Олам
−
11 Ноябрь
5276Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроилга нисбатан қурол эмбаргосини жорий қилиш, у билан савдони тўхтатиш ва халқаро миқёсда ажратиб қўйиш зарурлигини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 11 ноябрь куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтган Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитида сўз очди.
Эрдўғанга кўра, Исроилнинг мақсади Ғазода жойлашиш, Ғарбий соҳилдаги Фаластин тузилмасини йўқ қилиш ва охир-оқибат уни босиб олиш. Ғарб мамлакатларининг бир гуруҳи Исроилга ҳар қандай ҳарбий, сиёсий, иқтисодий ва ахлоқий ёрдам кўрсатиб турган пайтда, мусулмон мамлакатларининг етарлича жавоб бермагани шундай вазиятга олиб келди.
“Фаластинда геноцид содир этганларга қарши мажбурий чоралар кўриш бўйича ташаббусларимизни мувофиқлаштиришни давом эттиришимиз жуда муҳим. Қурол эмбаргосини жорий этиш, савдони тўхтатиш ва Исроилни ажратиб қўйиш ўта зарур”, деди Эрдўған.
Унинг билдиришича, Туркия томонидан БМТда Исроилга қурол эмбаргоси жорий қилиш ташаббусини 52 мамлакат ва 2 халқаро ташкилот қўллаб-қувватлаган.
“Биз айниқса имкон қадар кўпроқ БМТ аъзоси ҳисобланувчи давлатларни Жанубий Африка Республикаси томонидан Исроилга қарши Халқаро судда кўтарилган (геноцид) ишига қўшилишга чақиришимиз зарур. Биз Нетаньяху ҳукуматига Фаластин ерларини босиб олиш учун ўзига яраша қийматни ҳис қилдирадиган барча аниқ ва реал таклифларни амалга оширишга тайёрмиз”, деди Эрдўған.
Туркия раҳбарига кўра, Фаластин масаласини фақат икки давлат асосида ҳал қилиш мумкин. Бошқа йўл билан ечимга эришиб бўлмайди. Шунингдек, ҳозирги шароитда иложи борича кўпроқ давлатларни Фаластинни тан олишга ундаш зарур.
“Ишончим комилки, БМТ Хавфсизлик кенгашида қаршилик қилаётганлар енгилади ва биз Фаластин давлати БМТ аъзоси бўлган кунни кўрамиз”, деди Эрдўған.
У, шунингдек, Туркия ҳозирга қадар Ғазога 84 минг тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам жўнатганини ва агар чекловлар олиб ташланса, кўпроқ юк юборишга тайёр эканини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрдўған Қуръонни ёд олиш ва ўқиш бўйича 9-халқаро танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларига нисбатан ислом оламининг етарли муносабат билдирмаганини танқид қилган эди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь