Исроилликлар Нетаньяхунинг уйи ёнида намойиш ўтказди (видео)

Олам

image

Исроилда юзлаб намойишчилар Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг Қуддусдаги уйи яқинида ғалаёнлар кўтариб, чиқинди контейнерлари ва автомобиль шиналарини ёқиб юборди. Бу ҳақда “The Jerusalem Post” хабар берди.

Намойишчилар Ғазодаги асирларни озод қилиш бўйича келишув талаб қилмоқда. Полиция Рехавия ва Гиват Рам туманларида намойишчилар ёққан олов кўплаб автомобилларга зарар етказгани, аммо талофатлар бўлмаганини билдирган. 

Намойишчилар ҳудудда жойлашган Миллий кутубхона томига чиқиб, ҳукуматни “ҲАМАС қўлида қолган асирлар учун етарли чора кўрмаётганликда” айблаган. Шунингдек, Латрун йўлида бир қанча автомобиллар Қуддусга қараб ҳаракатланиб, урушнинг тўхтатилиши ва асирларнинг қайтарилишини талаб қилган. 

Бу чиқишлар “Ғазодаги асирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати” ташаббуси билан ўтказилаётган кун доирасидаги оммавий норозиликларнинг бир қисми ҳисобланади.

Намойиш ҳукумат Ғазо шаҳрини босиб олиш режасини давом эттираётган бир вақтда бўлиб ўтди. Хабарларга кўра, ҲАМАС Қатарнинг воситачилигидаги сўнгги алмашинув таклифини қабул қилган, бироқ Нетаньяху уни рад этган. Расмий маълумотларга кўра, Ғазода 20 исроиллик асир тирик, 28 нафари эса ҳалок бўлган. Шу билан бирга, Исроил армияси 30 кундан бери давом этаётган қуруқликдаги операцияда шаҳарни тўлиқ қуршаб олган, ҳаво ва артиллерия зарбалари тинч аҳолига ҳам қаратилган. Сўнгги суткада 119 нафар фаластинлик, жумладан ёрдам кутаётган фуқаролар ва икки журналист ҳалок бўлди. Минглаб одамлар Ғазонинг Ғарбий Соҳилида вақтинча чодирларда тирикчилик қилишга уринмоқда, халқаро ташкилотлар эса ҳудудда хавфсиз жой йўқлигини билдирган. 

Маълумот учун, 2023 йилнинг 7 октябридан бери Ғазода Исроил армияси зарбаларидан 63 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Соғлиқни сақлаш идоралари 367 киши, шу жумладан 131 бола, озуқа етишмаслиги туфайли очликдан вафот этганини хабар қилди. Исроил расмийлари Ғазода очлик борлигини тан олса-да, оммавий очарчилик айбловларини рад этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил армияси танк ва аскарлар билан Ғазо шаҳрининг энг йирик ва аҳолиси зич туманларидан бири – Шайх Радвонга кириб борганди. Бу юришлар оқибатида бир куннинг ўзида 24 фаластинлик ҳалок бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қуддус намойиш Ғазо ҲАМАС Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг