Исроилга қурол экспортини тўхтатган Мерц танқидга учради

Олам

image

Аввалроқ, Германия канцлери Фридрих Мерц Исроилга ҳарбий маҳсулотлар экспорти учун рухсатнома беришни тўхтатганди. Германиянинг Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) партиясидан бир қатор депутатлар канцлернинг ушбу қарорини кескин танқид қилди. Бу ҳақда “Süddeutsche Zeitung” хабар берди.

“Федерал канцлер Фридрих Мерцнинг Ғазо секторида ишлатилиши мумкин бўлган мудофаа маҳсулотларини Исроилга етказиб беришни тўхтатиш ҳақидаги қарори унинг партияси ичида кескин эътирозларга сабаб бўлди”, дейилади хабарда.

Партия кенгаши аъзоларидан бирининг сўзларига кўра, канцлер бу режалари ҳақида уларни олдиндан батафсил хабардор қилмаган. Мерц тарафдорлари уни ХДИ раҳбари этиб сайлашидан аввал собиқ канцлер Ангела Меркел каби партиядошларидан узоқлашмасликка ваъда берган. Кенгаш аъзосининг башоратича, агар канцлер шу руҳда иш юритишда давом этса, “ҳукумат Рождествога бориб тугаши мумкин”.

“Мерцнинг шунчаки омади келди, чунки Бундестаг ҳозир ёзги таътилга чиққан. Шунинг учун партиядошлар умумий фракция йиғилишида унинг қарорини танқид қила олмаяпти”, дейди яна бир ХДИ кенгаши аъзоларидан бири.

Ушбу сиёсатчининг айтишича, айрим депутатлар Исроил Германияга муҳим мудофаа маҳсулотларини етказиб беришни тўхтатиши ва разведка маълумотлари алмашинувини чеклашидан хавотирда.

“Bild”нинг ёзишича, Исроилга мудофаа маҳсулотлари экспортини тўхтатиш қарори Германия ҳукуматидаги коалиция ҳамкори – Христиан-ижтимоий иттифоқ (ХСИ) хабарисиз қабул қилинган, бу эса ХДИ партияси билан жиддий келишмовчиликларга сабаб бўлган. Маълумотларга кўра, ХДИ/ХСИ фракцияси ишчи гуруҳи Яқин Шарқ масалалари бўйича эртага, 10 август куни дам олиш куни ва ёзги таътил бўлишига қарамай навбатдан ташқари онлайн йиғилиш ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, Мерцнинг бу қарори Исроил ҳукумати кеча, 8 август куни Ғазо шаҳрини тўлиқ босиб олиш режасини маъқуллагандан сўнг қабул қилинди. Исроилнинг режасига кўра, 1 миллион аҳолини эвакуация қилиш талаб этилади ва операция бир неча ой давом этиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Исроил Фридрих Мерц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг