Исроилдаги ўзбекистонликлардан кўчага чиқмаслик сўралди
Жамият
−
14 Июнь 3361 2 дақиқа
Ҳозирги пайтда Исроилда мураккаб вазият вужудга келаётганини эътиборга олиб, мамлакатдаги ўзбекистонликларга шахсий хавфсизлик чораларини кўриш ва ракета отишмалари пайтида бошпаналарни тарк этмаслик тавсия этилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси огоҳлантириш билан чиқди.
“Заруратсиз кўчага ва бошқа кўнгилочар муассасаларга ташриф буюрманг. Элчихонага ўта зарур бўлмаган ҳолларда консуллик хизматларини олиш учун келишни вақтинча тўхтатиб туришни сўраймиз. Илтимос, ўз ҳаётингизни эҳтиёт қилинг”, дейилади хабарда.
Элчихона консуллик бўлими ишонч телефонлари:
- 03-672-2466;
- 03-672-2371;
- 03-758-5075;
- 03-758-5076.
Фавқулодда ҳолатларда ва шошилинч хабарлар учун:
- +972 54 485 1397.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 июнь куни Исроил Эронга ракета ҳужумлари уюштирди. Оқибатда мамлакатнинг бир нечта юқори лаволзимли қўмондонлари, шунингдек тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Шунингдек, ядровий иншоотлар зарар кўрди. Умуман олганда, Исроилнинг 13 июнга ўтар кечаси бошланган йирик зарбалари Эроннинг 20 га яқин юқори мартабали ҳарбий раҳбарлари ва асосий ядровий олимларининг ҳаётига зомин бўлди.
Исроил томонидан Эронга қарши амалга оширилган кенг кўламли ҳужумлардан сўнг, Эрон Исроилга қарши ўз жавоб зарбаларини йўллади. Эрон ҳарбий кучлари томонидан Исроил ҳудудига қарата 200 дан ортиқ дрон ва баллистик ракеталар учирилган. Исроил Мудофаа кучлари ушбу зарбаларни тасдиқлаган ва ҳаво мудофаа тизимлари зудлик билан ишга туширилган. ЦАХАЛ расмий баёнотида айтилишича, Исроил ҳаво мудофааси катта миқдордаги ҳужумчи дрон ва ракеталарни тутиб қолишга муваффақ бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва 10 дан ортиқ киши жароҳат олган.
Live
Барчаси