Исроилда ярим миллион киши намойишга чиқди (видео)
Олам
−
02 Сентябрь
13278Ғазо секторида гаровга олинган олти кишининг жасади топилганидан сўнг юз минглаб исроилликлар бутун мамлакат бўйлаб намойишга чиқди. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.
Ташкилотчиларга кўра, Тель-Авивда 300 минг киши кўчага чиққан, яна 200 минг киши бошқа шаҳарларда тўпланган. Crowd Solutions маълумотларига кўра, Тель-Авивдаги намойишда 280 мингга яқин одам қатнашган. Бу охирги 18 ойдаги энг йирик норозиликдир.
Намойишчилар Исроил ҳукумати ва Бош вазир Биньямин Нетаньяхудан гаровдаги қолганларни уйларига қайтариш учун ҲАМАС билан сулҳ тузишни талаб қилди. Митингда гаровга олинганларнинг яқинлари сўзга чиқди.
Бирлашган норозилик намойишидан сўнг минглаб одамлар Аялон шоссесига чиқди ва уч соат давомида транспорт ҳаракатини тўсиб қўйишди. Баъзилар ўт ёқиб, йўлга панжара ўрнатган, тош ва металл буюмлар қўйган. Полиция бу ҳаракатни ноқонуний деб эълон қилди ва намойишчиларни тарқатиш чораларини қўллади. Сув тўплари ва шовқинли гранаталар ишлатилган. Бир неча киши жароҳатланган. Тель-Авивда 30 га яқин, Қуддусда беш киши ҳибсга олинган. Бошқа аҳоли пунктларида ҳам ҳибсга олинганлар бор.
ҲАМАС ҳаракати cиёсий бюроси аъзоси Иззат эр-Ришкнинг айтишича, Ғазо секторида сақланаётган олти исроиллик асир Исроил армияси эксклавга зарба берганида ҳалок бўлган. У АҚШ маъмурияти ва Президент Жо Байденни “Ғазо секторидаги жиноятлар ва бузғунчи уруш” учун жавобгар деб ҳисоблади. ҲАМАС вакили Вашингтонни Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатишга чақирди.
"Агар АҚШ Президенти Байден исроиллик маҳбуслар ҳаётидан хавотирда бўлса, у бу душманни (Исроилни) пул ва қуроллар билан қўллаб-қувватлашни тўхтатиши ва босқинчиларга уларнинг тажовузкорлигини дарҳол тўхтатиш учун босим ўтказиши керак. ҲАМАС Байдендан кўра маҳбусларни тирик қолдиришдан кўпроқ манфаатдор эди. Шунинг учун биз унинг ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги таклифини ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциясини қабул қилдик. Бироқ Нетаньяху уларни рад этди", дейди Иззат эр-Ришк.
ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюросининг яна бир аъзоси Халил ал-Хае эса айни дамда Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича Исроил билан реал музокаралар олиб борилмаётганини айтди. Унга кўра, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху шундай таклиф билан чиқса, Фаластин томони келишув тузишга тайёр.
“Ҳозирда ҳақиқий музокаралар йўқ. Афсуски, фақат қочиш ва вақтни беҳуда сарфлаш мавжуд. Икки ҳафтадан бери музокаралар давом этмоқда, аммо ҳали ҳам натижа йўқ. Агар Нетаньяху маҳбуслар алмашинувини истаса, биз тайёрмиз”, дейди ал-Хае.
Унинг қайд этишича, Нетаньяху музокараларнинг барча босқичларида келишувга эришишдан манфаатдор эмас. ҲАМАС вакили музокараларнинг муваффақиятсизлигида АҚШни ҳам айблади.
“Агар Нетаньяху ҳақиқатан ҳам маҳбуслар алмашинувини хоҳласа, биз буни дарҳол амалга оширишга тайёрмиз. Музокараларнинг муваффақиятсизлиги учун жавобгарликни Қўшма Штатлар ўз зиммасига олади. Қўшма Штатлар ҳатто ўзи билдирган таклифни ҳам тезда рад этди. Март ойидан бери воситачилар орқали музокаралар давом этмоқда. Биз ўт очишни тўхтатиш, асирларни алмашиш, босқинчиларни Ғазодан олиб чиқиб кетиш ва уни қайта қуришга эътибор қаратдик”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қоҳирада Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунланганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь