Исроилда Нетаньяхуга қарши намойишлар давом этмоқда
Олам
−
07 Июль
4830Кеча, 6 июль куни Исроил бўйлаб минглаб одамлар Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш, асирларни алмашиш бўйича келишув ва Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги ҳукумат истеъфосини талаб қилиб намойишга чиқди. Бу ҳақда “Ynet” хабар берди.
Намойишчилар Тель-Авив, Ҳайфа, Бируссеби ва Ғарбий Қуддусда, шунингдек, Нетаняхунинг қароргоҳи жойлашган Исроил шимолидаги Кесария шаҳрида кўчаларга чиқди.
Тель-Авивда ўн минглаб намойишчилар суд-ҳуқуқ ислоҳотларига қарши сўнгги намойишлар рамзига айланган Каплан кўчасида тўпланди. Намойишчилар “Биби, маҳбусларни озод этинг” ва “Сиз жавобгарсиз, сиз айбдорсиз”, “Бен Гвир террорист” ва “Фашист полицияси” каби шиорлар билан чиқишди.
Ғазода сақланаётган исроиллик маҳбусларнинг яқинлари ҳам Мудофаа вазирлигида ҳукумат сиёсатини қоралади. Улар Нетаньяху ва унинг ҳукумати аъзоларини ёлғон гапиришда ва маҳбусларни қайтаришга олиб келадиган келишувга тўсқинлик қилишда айблади.
Тель-Авивда намойишчиларни тарқатиш учун отлиқ полиция ва сув пуркагичлардан фойдаланилган. Намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида тўқнашувлар юз берди.
Кесарияда Исроил байроқлари, машъалалар, ноғора ва ҳуштаклар кўтарган минглаб намойишчилар Нетаньяхунинг шахсий қароргоҳи олдида тўпланди. Намойишчилар ҳукумат истеъфоси ва муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини талаб қилиб, “Сиз жавобгарсиз, сиз айбдорсиз” дея ҳайқирди.
Мамлакатда ҳар шанба куни Нетаньяху ҳукуматига қарши митинглар бўлиб ўтяпти.
LiveБарчаси