Исроилда Мудофаа вазири истеъфоси ортидан минглаб одамлар намойишга чиқди
Олам
−
06 Ноябрь
5445Исроил Мудофаа вазири Йоав Галантнинг ишдан кетганидан сўнг Қуддус ва Тель-Авивда минглаб одамлар Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг ҳаракатларига қарши намойиш қилиб, ҲАМАС томонидан Ғазо секторида асирга олинган исроилликларни ватанига қайтаришни талаб қилди. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Исроил пойтахти Тель-Авив шаҳридаги Аялон шоссесининг жанубий қисмида полиция намойишчиларни тарқатиш учун ёқимсиз ҳидли кучли сув оқимидан фойдаланишга мажбур бўлган. Мухолифат етакчиларидан бири Яир Лапид Исроил фуқароларини кўчага чиқишга чақирган ва у Галантнинг урушнинг авж палласида истеъфога чиқарилишини “тентаклик” деб атаган.
Ўз навбатида, Йоав Галант Исроил ҳукуматини ҲАМАС томонидан Ғазо секторида асирга олинганларни ватанига қайтаришга чақирган.
“Бизнинг ахлоқий ва маънавий бурчимиз ҲАМАС томонидан ўғирлаб кетилган ўғил-қизларимизни уйларига қайтаришдир. Бу имконият бор, лекин оғриқли муросаларни талаб қилади”, деди у.
Исроил Президенти Ицхак Герцог Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг Мудофаа вазири Йоав Галантни ишдан олиши ортидан уруш даврида мумкин бўлган сиёсий тўнтаришлардан огоҳлантирган.
“Ҳозир Исроилга энг керак бўлмайдиган нарса бу давлат тўнтариши ва ички низолардир”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўзаро ишончнинг етишмаслигини сабаб Мудофаа вазири Йоав Галантни ишдан бўшатгани хабар қилинган эди.