Исроилда фавқулодда ҳукумат тузилди
Олам
−
12 Октябрь 2023
9233Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мухолифатдаги “Давлат лагери” партияси раҳбари Бенни Ганц ҲАМАС билан қуролли тўқнашувдан беш кун ўтиб, мамлакатда фавқулодда ҳукумат тузишга келишиб олди. Бу ҳақда Исроил оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган баёнотда айтилади.
Маълумотларга кўра, фавқулодда ҳукумат таркибига Нетаньяху ва Ганцнинг ўзлари, шунингдек, мамлакат Мудофаа вазири Йоав Галант киради.
“Давлат лагери” аъзоси ва Исроил мудофаа кучлари собиқ бош штаби бошлиғи Гади Айзенкот ва стратегик ишлар вазири Рон Дермер кузатувчи сифатида хизмат қилади.
Қайд этилишича, фавқулодда ҳукумат ҳарбий ҳаракатларга алоқадор бўлмаган қарор ёки қонун лойиҳаларини қабул қилмайди.
Шунингдек, Нетаньяху ва Ганц телевидение орқали халққа қилган мурожаатида, улар ўзаро келишмовчиликларни ҳозирча четга суриб қўйишга қарор қилганини айтишган.
"Биз келишмовчиликларни четга суриб қўйдик, чунки мамлакатимиз тақдири хавф остида", дейди Нетаньяху. Ганц эса Бош вазирнинг гапини тасдиқлаган.
Улар ғалаба қозонишни фавқулодда ҳукуматнинг асосий вазифаси деб атаган.
"ҲАМАС'нинг барча аъзолари энди ўзларини ўлган деб ҳисоблаши мумкин", деган Нетаньяху.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь