Исроил жанозага йиғилган фаластинликлар устига бомба ташлади. Қурбонлар бор
Олам
−
18 июл 4674 2 дақиқа
Ғазо сектори марказидаги Нусайрот қочқинлар лагерида аввалроқ Исроил зарбасида ҳалок бўлган шахснинг жанозасида иштирок этаётганларга қилинган ҳаво ҳужуми оқибатида камида 8 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 20 киши эса яраланди. Бу ҳақда Ғазо соғлиқни сақлаш идораларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Тиббиёт ходимлари маълумотига кўра, шу куни анклавнинг бошқа ҳудудларидаги алоҳида Исроил ҳаво ҳужумларида яна камида 3 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Шу билан кеча, 17 июль кунги қурбонлар сони камида 12 нафарга етган.
Қайд этилишича, ҲАМАС Нусайротдаги ҳужумни мотам тутувчиларга қарши амалга оширилган “шафқатсиз қирғин” деб атаб, воситачилар ҳамда БМТни Исроил ҳужумларини тўхтатиш учун чора кўришга чақирган.
Исроил армияси эса Нусайротда “Исломий жиҳод” гуруҳига тегишли жангарилар гуруҳига зарба берилганини иддао қилган. Ҳарбийлар ҳужум оқибатида можарога алоқадор бўлмаган шахслар ҳам жабрлангани ҳақидаги маълумотлардан хабардор эканини билдирган.
Шу билан бирга, Ғазо сектори марказидаги Дайр ал-Балаҳ шаҳри шарқида яшовчи аҳоли Исроил кучлари дронлар орқали овозли мурожаатлар тарқатиб, улардан уйларини тарк этишни талаб қилганини айтган. Бу эса айрим оилаларни хавфсиз ҳудудларга кўчишга мажбур қилган.
Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, октябрь ойида Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганидан буён Исроил ҳужумлари натижасида 1100 нафардан ортиқ фаластинлик, асосан тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Келишув кенг кўламли жангларни тўхтатган бўлса-да, деярли ҳар кунлик ҳаво зарбаларини бартараф этмаган. Исроил бу ҳужумлар жангариларга қарши қаратилганини таъкидлаб келади. Шу давр ичида Ғазодаги тўқнашувлар оқибатида 4 нафар Исроил аскари ҳам ҳалок бўлган.
АҚШда жойлашган ACLED можаролар мониторинги маркази маълумотига кўра, июнь ойида Исроилнинг ҲАМАС ва бошқа гуруҳларга қарши ҳаво ҳужумлари сони 40 тадан ошган бўлиб, бу ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейинги энг юқори ойлик кўрсаткич ҳисобланади. Марказнинг маълум қилишича, бошқа ҳужумлар икки томонни ажратиб турувчи чизиқ яқинидаги одамларни ҳам нишонга олган ва аёллар ҳамда болаларни ўз ичига олган тинч аҳоли қурбон бўлган ёки жароҳатланган.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Ғазодаги қарийб икки миллион аҳолининг деярли барчаси соҳил бўйидаги тор ҳудудда, асосан вақтинчалик чодирлар ёки вайрон бўлган биноларда яшамоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил армиясининг Ғазо секторига берган зарбалари ва ўқ узиши оқибатида камида тўққиз нафар фаластинлик, жумладан, 10 ёшли бола ҳалок бўлган эди.
Live
БарчасиТуркияда F-16 ҳалокатга учради
12 август