Исроил зарбалари ортидан минглаб одам уйини тарк этмоқда
Олам
−
07 Март 3723 2 дақиқа
Исроил армияси Байрутнинг жанубий туманлари ва Ливан жанубидаги ҳужумлари ортидан юз минглаб одамлар уйини тарк этишга мажбур бўлган. “Ҳизбуллоҳ” позицияларига қарши операция сабаб аҳоли эвакуация қилишга чақирилган. Бу ҳақда “BBC” ёзди.
Айрим оилалар бошпана тополмагани учун тунни кўчада ёки машиналарида ўтказмоқда. Айни пайтда Байрутнинг Даҳия туманида кенг кўламли ҳаво зарбалари амалга оширилган. Исроил армияси бу ҳужумлар “Ҳизбуллоҳ”нинг бошқарув маркази ва дронлар сақланадиган объектларга қаратилганини билдирган.
Шаҳар марказидаги боғларда ва майдонларда йиғилган аҳоли турар-жой масаласи номаълумлигидан хавотирда. Кўплаб фуқаролар бу вазият аввалги урушларни эслатаётганини ҳам тилга олган.
Расмий маълумотларга кўра, мамлакат бўйлаб 96 мингга яқин киши вақтинча бошпаналарга жойлаштирилган. Бироқ баъзи марказий ҳудудларда жой етишмайди. Кўнгиллилар озиқ-овқат ва ёрдам захиралари ҳам тез тугаб қолишидан огоҳлантирмоқда.
Ливан Бош вазири Наваф Салам оммавий кўчиш оқибатида мамлакат гуманитар инқирозга юз тутиши мумкинлигини урғулаган. Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам вазиятни “жуда хавфли босқич” деб баҳолаб, тарафларни можарони янада кучайтирмасликка чақирган. Байрут кўчаларида эса эвакуация қилинган оилалар ҳужумлар яна давом этиши мумкинлигидан умидсизликка тушмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил армияси Ливаннинг шарқий қисмига берган зарбалари ва “Ҳизбуллоҳ” билан тўқнашувлар оқибатида камида 41 киши ҳалок бўлгани ҳақида айтилган эди.
Live
Барчаси