Исроил захирадаги ўн минглаб аскарни Ғазодаги урушга чақирди

Олам

image

Исроил Ғазо секторида ҲАМАС гуруҳига қарши операцияларни “кучайтириш ва кенгайтириш” учун ўн минглаб резервдаги аскарларни чақириш бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда Исроил Мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) кеча, 4 май куни маълум қилди.

Ҳарбийларнинг таъкидлашича, армия ер усти ва остидаги барча ҲАМАС инфратузилмасини йўқ қилиш учун янги ҳудудларда ҳаракат қилади. 

Исроил ва ҲАМАС халқаро воситачилик билан олиб борилган музокараларда янги сулҳ битимига ва қолган 59 исроиллик гаровга олинганларни озод қилишга эриша олмади. Айни пайтда атиги 24 маҳбус тириклиги тахмин қилинмоқда. 

18 март куни ҲАМАС билан урушда икки ойлик сулҳ барбод бўлгач, Исроил Ғазо секторида жангларни қайта бошлаганидан бери бирорта ҳам гаровга олинган одам озод этилмаган. Ўшандан бери Ғазо секторининг катта қисми Исроил назорати остига ўтди, юз минглаб аҳоли яна кўчишга мажбур бўлди.

ЦАХАЛнинг янгиланган ҳужумлари фонида озиқ-овқат, сув ва дори-дармонларнинг жиддий танқислиги ҳақида хабар берган ёрдам гуруҳлари Исроилнинг ҳаракатларини уруш жинояти бўлиши мумкин бўлган “очлик сиёсати” деб атади. Исроил айбловларни рад этди.

Яманда фаолият юритаётган ва Ғазо секторидаги ЦАХАЛ операциясини тўхтатмоқчи бўлган ҳусийлар гуруҳи 4 май куни Исроил аэропортларига янги ҳужумлар уюштириш орқали Исроилни “ҳаво блокадаси” билан таҳдид қилди. Ўша куни эрталаб ҳусийлар ракетаси Исроилнинг асосий Бен Гурион аэропортига келиб урилган эди. У асосий терминал яқинига тушди. Олти киши енгил жароҳат олган. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху унинг мамлакати жавоб чораларини кўришига ваъда берди.

Яманнинг катта қисмини назорат қилувчи ва баллистик ракеталар арсеналига эга бўлган ҳусийлар гуруҳи аввалроқ ҳам Исроилга бир неча бор ракета учирди. Одатда, бу ракеталар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан урир туширилади. Ҳусийлар, шунингдек, Араб кўрфази ва Қизил денгиздаги кемаларни Исроил ёки унинг иттифоқчиларига алоқадорликда гумон қилса, нишонга олади. Исроил, ўз навбатида, Ямандаги ҳусийлар нишонларига зарбалар берди, АҚШ ҳам шундай зарбалар берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо ҲАМАС ЦАХАЛ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг