Исроил яқин кунларда Рафаҳда амалиёт бошлайди – Маҳмуд Аббос
Олам
−
28 Апрель
5994Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳридаги ҳарбий амалиёти яқин бир неча кун ичида бошланади. Бу ҳақда Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Ар-Риёдда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумининг махсус сессияси чоғида айтиб ўтди.
"Бир неча кундан кейин Исроил Рафаҳ шаҳрида ҳарбий операция бошлайди, чунки Ғазода қолган барча фаластинликлар у ерда тўпланган: битта чекланган зарба уларнинг барчасини Фаластин ҳудудини тарк этишга мажбур қилиш учун етарли бўлади. Агар шундай бўладиган бўлса, қўшни араб давлатлари Миср ва Иордания фаластинлик қочқинларни қабул қилишдан қатъий бош тортганини ҳисобга олсак, дунё Фаластин тарихидаги энг катта фалокатга гувоҳ бўлади", дейди Фаластин Президенти.
Айни дамда Ғазодаги вазият кескин эканини таъкидлаган Аббос Исроил ҳарбийлари анклав ҳудудининг камида 75 фоизини вайрон қилгани, уларнинг ҳаракатлари оқибатида 34 минг киши ҳалок бўлгани, уларнинг аксарияти аёллар, болалар ва кексалар эканини таъкидлади.
“Исроил бу операцияни ҲАМАСдан қасос олиш учун бошлаган, аммо айни дамда унинг ҳаракатлари бутун Фаластин халқига қарши урушга айланган”, дейди Фаластин миллий маъмурияти раҳбари.
У Ғазода содир бўлаётган воқеалар Германиянинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги жиноятларидан ҳам ёмонроқ деб ҳисоблайдиган европалик сиёсатчиларнинг фикрига қўшилишини билдирди.
Шу муносабат билан Аббос Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторидаги Фаластин ҳудудларини ягона сиёсий тузилмага бирлаштириш бўйича халқаро конференция ўтказишни таклиф қилди. Фаластин Президентининг қўшимча қилишича, ҳалигача Фаластин давлатининг мустақиллик ҳуқуқини тан олмаган барча давлатлар буни худди Исроил мустақиллигини тан олганидек қабул қилиши керак. Аббоснинг таъкидлашича, фақат шундай асосларда фаластинликлар "Исроил томони билан тўлиқ ва тенг ҳуқуқли мулоқот ўтказиши мумкин".
Аббос нутқининг охирида АҚШга Исроилни тўхтата оладиган ягона давлат сифатида мурожаат қилиб, яҳудий давлатига таъсир ўтказишни талаб қилиб, уни Рафаҳдаги операция режаларидан воз кечишга мажбур қилишга чақирди.
LiveБарчаси