Исроил ва Ливан ўртасида музокаралар бошланди
Олам
−
15 Апрель 2571 2 дақиқа
АҚШ пойтахти Вашингтонда Исроил ва Ливан вакиллари ўртасида музокаралар бошланди. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
Бу 1993 йилдан бери икки давлат ўртасидаги илк тўғридан-тўғри музокаралар саналади.
Учрашувда Исроилнинг АҚШдаги элчиси Йехиэль Лейтер ва Ливаннинг АҚШдаги элчиси Нада Хамаде Моавад иштирок этган. Бу учрашув икки давлат вакиллари ўртасидаги тарихдаги энг юқори даражадаги бевосита алоқа сифатида баҳоланмоқда.
Музокаралар АҚШ воситачилигида уч томонлама форматда ўтган. Унда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, Давлат департаменти маслаҳатчиси Майкл Нидхэм, АҚШнинг Ливандаги элчиси Мишель Исса ҳам қатнашган. Учрашув тахминан икки соат давом этган.
Музокаралар якунида томонлар тинчлик йўлида олдинга қадам ташлаб, келажакда тўғридан-тўғри музокараларни бошлашга тайёр эканини билдирган. Бироқ бу музокараларнинг аниқ вақти ва жойи кейинроқ келишиб олинади. АҚШ Давлат департаменти ушбу учрашувни “тарихий босқич” деб атаб, икки давлат ўртасида кенг қамровли тинчлик келишуви тузилишига умид билдирган.
АҚШ томони, шунингдек, Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ” томонидан давом этаётган ҳужумлардан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган. Шу билан бирга, ҳар қандай ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув фақат икки давлат ҳукуматлари ўртасида, АҚШ воситачилигида амалга оширилиши кераклиги қайд этилган. АҚШ бу музокаралар Ливанни тиклаш ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга ёрдам беришини, шунингдек, икки давлат учун инвестиция имкониятларини кенгайтиришини билдирган.
Ливаннинг АҚШдаги элчиси музокаралар тафсилотлари ҳақида гапирар экан, у ўт очишни тўхтатиш, уруш сабаб уйини тарк этган фуқароларни ўз уйларига қайтариш ва мамлакатдаги чуқур гуманитар инқирозни бартараф этиш бўйича аниқ чораларни келишиб олиш зарурлигини таъкидлаган.
Исроил томони эса барча нодавлат қуролли ва террорчи гуруҳларни қуролсизлантириш, Ливандаги террор инфратузилмасини йўқ қилиш зарурлигини билдирган. Шунингдек, Исроил ҳукумати Ливан билан ҳамкорлик қилишга ва бу орқали икки давлат хавфсизлигини таъминлашга тайёр эканини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ливан билан тўғридан-тўғри тинчлик музокараларини бошлаш бўйича топшириқ берганди. Нетаньяхунинг айтишича, музокаралар асосан “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш ва икки давлат ўртасида тинч муносабатларни йўлга қўйишга қаратилади. У Ливан томонидан тўғридан-тўғри мулоқот бошлашга бўлган чақириқларни ҳам ижобий баҳолаган.
Live
БарчасиСирдарёда сохта МИБ ходими қўлга тушди
16 Апрель