Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўт очишни тўхтатишга келишиб олди – Байден
Олам
−
08:52
2393Исроил ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Ливанда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда кеча, 26 ноябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден ўзининг Х саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги сулҳ битими 27 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 04:00 да Исроил ва Ливанда кучга киради. Шартнома шартларига кўра, Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) бўлинмалари келаси 60 кун ичида Ливан ҳудудини тарк этади.
“Вашингтон ва Париж ўт очишни тўхтатиш келишуви тўлиқ бажарилишини таъминлашга ҳаракат қилади”, дейилади хабарда.
Сулҳ ҳақидаги хабарларни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху тасдиқлади. Исроил Вазирлар Маҳкамасининг 11 аъзосидан 10 нафари Ливан гуруҳи билан битим тузиш учун овоз берган.
Нетаньяху АҚШга жараёнга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирган, аммо Исроил ўз хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳар қандай таҳдидга қарши ҳаракат қилиш ҳуқуқини ва “Ҳизбуллоҳ” билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга амал қилиш эркинлигини сақлаб қолишини айтди. Келишув доирасида Исроил Бош вазири, шунингдек, мамлакат фуқароларига, агар “Ҳизбуллоҳ” ўзини қуроллантирса ёки чегара яқинидаги инфратузилмасини тикласа, Исроил Ливанда жанговар ҳаракатларни давом эттиришига ваъда берди.
Вашингтон, шунингдек, Ливан қуролли кучларини жиҳозлаш, ўқитиш ва молиявий ёрдам билан таъминлайдиган минтақавий ҳарбий-техник қўмитага қўшилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Франция Президентлари Жо Байден ва Эммануэль Макрон Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ”га қарши операцияси давом этаётган Ливанда 36 соат ичида ўт очишни тўхтатилишини эълон қилишни режалаштираётганди. Ўққа тутиш ҳаракатларини тўхтатиш бўйича музокарани кузатиш учун АҚШ раислигида ташкил этилган беш мамлакатдан иборат махсус қўмита назорат қилади, унга Франция ҳам киради. Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги отишмани тўхтатиш музокаралари БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2006 йилдаги 1701-резолюцияси асосида қабул қилинади. Унга кўра, Исроил билан чегара ҳудудларга Ливан армияси ва БМТнинг UNIFIL тинчликпарвар кучлари кириши керак. “Ҳизбуллоҳ” эса ўз қўшинларини Исроил чегарасидан 30 километр узоқликдаги Литани дарёсигача олиб чиқиши лозим эди.
LiveБарчаси