Исроил ва ҲАМАС ўртасида тенглик йўқ – Байден 

Олам

image

АҚШ Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокурори Карим Хоннинг Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мамлакат Мудофаа вазири Йоав Галлантни ҳибсга олишга ордер беришни сўраган баёнотини қоралади. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.

“Халқаро жиноий суд прокурорининг Исроил раҳбарларини ҳибсга олиш учун ордер бераётгани ҳақидаги баёноти ғазабнокдир. Бу прокурор нимани назарда тутмасин, Исроил ва ҲАМАС ўртасида тенглик йўқ”, деган АҚШ Президенти Жо Байден.

Давлат котиби Энтони Блинкен эса ўз баёнотида прокурорнинг талабини “шармандалик” деб атаган. Блинкеннинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар ҳозирги можаро бошланишидан анча олдин ХЖС бу масалада юрисдикцияга эга эмаслигини аниқ айтган. 

“ХЖС унинг иштирокчи давлатлари томонидан чекланган юрисдикция суди сифатида ташкил этилган. Ушбу  чекловлар бир-бирини тўлдириш тамойилларига асосланади. Бу ҳолатда прокурор Исроил ҳуқуқ тизимига тўлиқ ва ўз вақтида ҳаракат қилиш имкониятини бериш ўрнига, ҳибсга олиш учун ордер сўраган. Исроил суд аъзоси бўлмаса ҳам, прокурорлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр”, деган Блинкен. 

Қолаверса, у Хоннинг терговни муҳокама қилиш учун келаси ҳафтада Исроилга ташриф буюриши кутилаётганини қўшимча қилди. ХЖС ҳодимлари ташрифни мувофиқлаштириш учун кеча, 20 май куни Исроилга бориши керак эди. Хон айбловларни эълон қилган пайтда Исроилга сафар бекор қилингани ҳақида хабар берилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Халқаро жиноий суд бош прокурори Карим Хон Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант ва ҲАМАСнинг уч етакчиси: Яҳё Синвар, Муҳаммад Ал-Масри ва Исмоил Хонияни ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилган эди. Прокурор баёнотида исроиллик сиёсатчилар ва ҲАМАС етакчилари уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгар эканлиги таъкидланган. Шундан сўнг Исроил ва ҲАМАС ХЖС прокурорининг талабини қоралади.

Ҳабиб Жўрабоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Исроил Байден ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made