Исроил ва ҲАМАС ХЖС прокурорининг талабини қоралади
Олам
−
21 Май
4597Исроил ҳукумати Халқаро жиноий суд бош прокурорининг Бош вазир Биньямин Нетаньяху ва Мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш учун ордер бериш ҳақидаги илтимосини “тарихий шармандалик” деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда кеча, 20 май куни мамлакат Ташқи ишлар вазири Исраэль Кац маълум қилди.
Нетаньяхунинг ўзи прокурорнинг сўровини “мунозарали” деб атади ва “Ликуд” фракцияси йиғилишида бу уни ҳам, ҳукуматини ҳам тўхтата олмаслигини таъкидлади.
ТИВ раҳбарининг айтишича, Исроил ХЖС прокурорининг ордер олишга уринишларига қарши курашиш учун махсус қўмита тузади, шунингдек, унга қарши дипломатик чоралар кўради.
“Кац дунёнинг етакчи давлатлари Ташқи ишлар вазирлари билан прокурор қарорига қарши туришлари учун гаплашишни режалаштирмоқда”, деб хабар беради AFP.
Исроил Президенти Ицхак Герцог прокурорнинг илтимосини “халқаро суд тизими қулаш хавфи борлигига” мисол деб атади.
“Бу бутун дунё бўйлаб террорчиларни руҳлантирадиган бир томонлама сиёсий ҳаракатдир. Бу шафқатсиз террорчилар ва демократик йўл билан сайланган Исроил ҳукумати ўртасида ўхшашлик ўрнатишга қаратилган ҳар қандай уриниш ғайритабиий ва ҳеч ким томонидан қабул қилиниши мумкин эмас”, дейди у.
Айни пайтда, ҲАМАС ҳаракати ҳам ХЖС прокурорининг талабидан норозилигини билдирди.
"ҲАМАС ҳаракати Халқаро жиноий суд прокурорининг Фаластиннинг бир қатор қаршилик кўрсатувчи етакчиларини ҳибсга олиш учун ордер бериш орқали жабрланувчини жаллодга тенглаштиришга уринишларини кескин қоралайди", дейилади ҳаракат баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Халқаро жиноий суд бош прокурори Карим Хон Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант ва ҲАМАСнинг уч етакчиси: Яҳё Синвар, Муҳаммад Ал-Масри ва Исмоил Хонияни ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилган эди. Прокурор баёнотида исроиллик сиёсатчилар ва ҲАМАС етакчилари уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгар эканлиги таъкидланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь