Исроил сулҳдан кейин 1,2 минг фаластинликни ўлдирди – БМТ

Олам

image

2025 йилнинг октябрь ойида Ғазо сектори ва Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида ўт очиш тўхтатилганидан бери 1200 дан ортиқ фаластинлик Исроил кучлари томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари хабар берди.

БМТ экспертлари, жумладан, БМТнинг Фаластин бўйича махсус маърузачиси Франческа Альбанезе босиб олинган Фаластин ҳудудларининг бутун майдони бўйлаб фаластинлик тинч аҳолига қилинган ҳужумлар кескин кучайганига эътибор қаратган.

“2025 йилнинг октябридан бери расман амалда бўлган ўт очишни тўхтатиш режимига қарамай, биргина июль ойида Исроил кучлари Ғазо секторида 160 га яқин фаластинликни ўлдирди. Оқибатда ушбу вайрон бўлган анклавда “сулҳ” жорий этилган пайтдан бери ҳалок бўлганларнинг умумий сони 1200 кишидан ошди”, дейди экспертлар.

Улар Ғазода “қирғинбарот аввалги шиддати билан давом этаётганини” қайд этган. Экспертлар шифохоналар ва бошпаналарга берилган зарбаларни, полиция ходимлари ва БМТ билан шартнома асосида ишлаётган ходимларнинг ўлдирилишини қоралаган.

Гуманитар масалалар бўйича экспертлар Ғазога ҳамон етарлича озиқ-овқат кирмаётганидан огоҳлантирган.

“Қишлоқ хўжалиги ерлари ва тоза сувдан фойдаланиш имконияти йўқлиги, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ресурсларини етказиб бериш тўсиб қўйилгани сабабли фаластинликлар ўзларини озиқ-овқат билан таъминлаш имкониятидан маҳрум бўлишмоқда”, дейди экспертлар.

Улар “тинч аҳолига қилинган ҳужумларни дарҳол тўхтатишга, ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилишга, гуманитар ёрдамни тўсиқсиз киритишга, жавобгарликка тортишга ҳамда учинчи давлатлар томонидан халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўришга” чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазо секторида Исроил армияси томонидан отилган ўқлар оқибатида бошидан жароҳат олган 13 ёшли Саба Хашхаш исмли қизалоқ вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг