Исроил полицияси Ал-Ақсо масжидига бостириб кирди

Олам

image

Бугун, 15 апрель куни Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида муқаддас қадамжо ҳудудига кирган Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасида тўқнашув юз берди. Фаластин Қизил Ярим Ой қутқарув хизмати воқеада 59 нафар фаластинлик яраланганини билдирди.

Масжидни назорат қилувчи Ислом жамғармаси Исроил полицияси мусулмонлар масжидига тонг отишидан олдин, намозхонлар бомдод намозига йиғилган пайтда кирганини маълум қилди, деб хабар берди Wafa ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, Исроил ҳарбийлари резина ўқлар, шовқинли бомбалар ва кўздан ёш оқизувчи газлардан отишни бошлаган. Фаластинликлар бунга тош отиш билан жавоб берган.

Исроил расмийлари воқеа юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.

Иордания Ташқи ишлар вазирлиги Исроил полициясининг босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб киришини энг кескин тарзда қоралади. Иорданиянинг “Petra” ахборот агентлиги хабарига кўра, Иордания Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хайсем Абул Фул Тел-Авивни кескин танқид қилган.

Абул Фулнинг айтишича, полициянинг мусулмонлар зиёратгоҳи ҳудудига бостириб кириши ва намозхонларга ҳужум қилиши халқаро ҳуқуқ нормаларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади.

Иордания расмийси Исроил расмийларини Ал-Ақсо масжидидан полиция ва махсус кучларни зудлик билан олиб чиқишга чақирди. Абул Фулнинг айтишича, Ал-Ақсо масжиди атрофида кескинлик кучайиши хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Маълумот учун, Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.

Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.

Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.

Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ал-Ақсо Исроил

Баҳолаганлар

573

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг