Исроил Олимпиада ўйинларида қатнашмаслиги керак – ЖАР
Олам
−
03 Июнь
5256Жанубий Африка Республикаси Парижда бўлиб ўтадиган 2024 йилги Олимпиада ўйинларида Исроилнинг иштирок этишини тўлиқ тақиқлашга интилади. Бу ҳақда ЖАРнинг биринчи президенти Нелсон Манделанинг набираси ва Республика Миллий Ассамблеяси аъзоси Нкоси Мандела маълум қилди.
Унинг айтишича, Жанубий Африканинг Ғазодаги вазият фонида Исроилга Париж Олимпиадасида қатнашишига йўл қўйилмаслиги кераклигига ишончи комил.
“Ҳозирда Халқаро Олимпия қўмитаси россиялик спортчиларни Украинадаги можаро туфайли тўхтатиб қўймоқда. Биз ўз аризамизни ХОҚда рўйхатдан ўтказдик, унда Россия Олимпиада ўйинларидан четлаштирилса, биз ҳам сионистик режимни мусобақадан четлаштиришга чақирамиз”, дейди кичик Мандела.
Мандела Исроил фаластинликларга қарши геноцид қилаётгани, буни Халқаро суд тасдиқлаганини таъкидлайди.
Депутатнинг айтишича, Жанубий Африка Исроилнинг мусобақада иштирок этишини тўлиқ тақиқлашга интилади ҳамда Глобал Жануб мамлакатлари, Ислом давлатлари ва BRICS аъзоларини ушбу фикрни қўллаб-қувватлашга чақиради.
“Агар Халқаро Олимпия қўмитаси Исроилнинг иштирокини тақиқламаса, биз бу мамлакатларни бу йилги Олимпия ўйинларида қатнашмасликка чақирамиз”, дейди кичик Мандела.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Африка 2023 йил 29 декабрь куни Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари ва “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисида”ги конвенцияни бузганлиги юзасидан Гаагадаги Халқаро судга мурожаат қилганди.