Исроил нишонга олган ҲАМАСнинг етакчи арбоби Халил ал-Ҳайя ким?

Олам

image

Халил ал-Ҳайя кеча, 9 сентябрь куни Қатарда Исроил томонидан нишонга олинган ҲАМАСнинг юқори мартабали амалдорларидан бири бўлиб, ўтган йили Исмоил Хония ва Яҳё Синвар ҳалок бўлганидан бери ҲАМАС раҳбариятида тобора марказий шахсга айланган.

Исроил расмийларига кўра, ҳужум ҲАМАСнинг юқори етакчиларига, жумладан, бош музокарачи Ҳайяга қаратилган. ҲАМАС манбаларига кўра, Дохадаги оташкесим музокаралари делегацияси ҳужумдан омон қолган.

Икки йил аввал бошланган уруш пайтида оташкесим музокараларининг марказида турган Ҳайя, 2024 йил июлида Исроил томонидан Эронда ўлдирилган Хониядан сўнг ҳаракатнинг хориждаги энг таъсирли арбоби сифатида кўрилмоқда. У, 2024 йил октябрида Синвар Ғазода Исроил томонидан ўлдирилганидан бери ҲАМАСга раҳбарлик қилаётган беш кишидан иборат етакчилик кенгашининг аъзоси.

Ғазо секторида туғилган Ҳайя Исроил зарбаларида яқин қариндошларидан бир нечтасини, жумладан, тўнғич ўғлини йўқотган ва ҳаракатнинг тажрибали аъзосидир. Унинг Эрон билан яхши алоқалари борлиги айтилади. Эрон ҲАМАС учун қурол ва молиявий ёрдам манбаи ҳисобланади. Ҳайя Исроил билан бир неча марта оташкесим келишувларига эришиш жараёнида яқиндан қатнашган. 2014 йилги тўқнашувни тўхтатишда ва ҳозирги Ғазодаги урушни тўхтатиш уринишларида ҳам муҳим роль ўйнаган.

1960 йилда Ғазо секторида туғилган Ҳайя 1987 йилда ҲАМАС тузилганидан бери унинг сафида. Манбаларга кўра, у 1980 йиллар бошида Хония ва Синвар билан бирга ҲАМАС келиб чиққан Сунний исломий ҳаракат — “Ихвонул мусулмин”га қўшилган.

Ғазода у Исроил томонидан бир неча марта қамалган. 2007 йилда Исроил ҳаво зарбаси Ғазо шаҳрининг Сежаййа туманидаги оилавий уйини уриб, унинг бир нечта қариндошларини ўлдирган. 2014 йилги урушда эса унинг тўнғич ўғли Усома яшаган уй бомбардимон қилиниб, Усома, унинг рафиқаси ва уч фарзанди ҳалок бўлган.

Ҳайя ҳужумлар пайтида уйда бўлмаган. Бир неча йил олдин Ғазони тарк этиб, ҲАМАСнинг Араб ва исломий дунё билан алоқалари учун масъул шахси сифатида Қатарда жойлашган. У Хония билан 2024 йил июлида Теҳронга сафар қилган ва айнан ўша сафарда Хония суиқасдда ҳалок бўлган эди.

Ҳайянинг сўзларига кўра, 2023 йил 7 октябрда Ғазо урушига сабаб бўлган ҲАМАС ҳужуми аслида “бир нечта аскарни” асир олиб, уларни Исроил турмалардаги фаластинликлар билан алмашишга қаратилган, чекланган операция бўлган.

“Бироқ сионист армия бўлиниши бутунлай қулади”, деган у ҲАМАСга яқин Фаластин Ахборот Марказида чоп этилган баёнотида.

Исроил маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС тахминан 1 200 кишини ўлдирган ва яна 250 нафарини асирга олган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг айтишича, шундан бери Исроилнинг Ғазодаги операцияларида 64 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

Ҳайя ҳужум Фаластин масаласини халқаро диққат марказига қайтаришга эришганини айтган. У ҲАМАС делегацияларига раҳбарлик қилиб, Исроил билан воситачилар орқали музокараларда қатнашган. Бу музокараларда ҲАМАС асир олган исроилликларни Исроил турмалардаги фаластинликларга алмашиш асосида Ғазода оташкесимга эришиш кўзда тутилган.

Ҳайя ҲАМАС номидан бошқа муҳим сиёсий фаолиятларни ҳам олиб борган. 2022 йилда у ҲАМАС делегациясига раҳбарлик қилиб, Сурия президенти Башар Асад билан муносабатларни тиклаш учун Дамашққа борган. ҲАМАС ўн йил аввал асосан суннийлар бош кўтарган Асадга қарши қўзғолонни қўллаб-қувватлаб, муносабатларни узган эди.  Бу узилиш Эрон қурган, Исроил ва АҚШга қарши йўналтирилган минтақавий иттифоқни ҳам заифлаштирган.

ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Сухайл ал-Ҳиндий “Al Jazeera” телеканалига берган интервьюсида гуруҳнинг юқори етакчилари Дохадаги Исроил ҳужумидан омон қолганини айтди. Бироқ Халил ал-Ҳайянинг ўғли ҳужумда ҳалок бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Доҳа Қатар Исроил ҲАМАС Халил ал-Ҳайя

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг