Исроил Насруллоҳни ўлдирганини эълон қилди
Олам
−
28 Сентябрь
9469Исроил кеча, 27 сентябрь куни Байрутга берган зарбаси оқибатида “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўлганини эълон қилди. Бу ҳақда бугун, 28 сентябрь куни ЦАХАЛ баёнот берди.
“Ҳизбуллоҳ” террор ташкилоти раҳбари ва унинг асосчиларидан бири Ҳасан Насруллоҳ “Ҳизбуллоҳ” жанубий фронти қўмондони Али Карки ва “Ҳизбуллоҳ”нинг бошқа қўмондонлари билан бирга ЦАХАЛ томонидан ўлдирилди”, дейилади баёнотда.
Ҳужжатда ёзилишича, Насруллоҳ бир кун аввал Байрут жанубидаги Даҳия туманидаги қароргоҳига “Ҳизбуллоҳ” раҳбарияти йиғилиши бўлиб ўтаётган пайтда берилган “аниқ ҳаво ҳужуми” оқибатида ўлдирилган. “Ҳизбуллоҳ”нинг марказий штаб-квартираси тураржой биноси остида жойлашгани хабар қилинган.
Исроил баёнотига қарамай, “Ҳизбуллоҳ” ҳали етакчисининг вафот этганини тасдиқламади. Аввалроқ Исроилнинг қатор ОАВлари Насруллоҳнинг ўлими ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, “Reuters” ва AFP ахборот агентликлари “Ҳизбуллоҳ”даги манбаларига таяниб, Насруллоҳ тирик экани, Эроннинг “Tasnim” агентлиги эса у хавфсиз жойда эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 27 сентябрь куни кечқурун Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти штаб-квартираси жойлашган Байрутнинг жанубий чеккасидаги аҳоли зич жойлашган Даҳия туманига камида 10 марта ракета ҳужуми уюштирди. Дастлабки маълумотларга кўра, Исроилнинг сўнгги ҳаво ҳужуми оқибатида 2 киши ҳалок бўлган, 76 киши жароҳатланган, 15 нафар ярадор шифохоналарга етказилган.
LiveБарчаси