Исроил Миср ҳудудида ҳам ҲАМАС етакчиларини ўлдиришга урингани фош бўлди

Олам

image

Миср пойтахти Қоҳирада Исроилнинг ҲАМАС етакчиларини нишонга олишга қаратилган режалари фош этилди ва Исроил ҳужумларига куч билан жавоб қайтарилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилди. Бу ҳақда юқори лавозимли мисрлик мансабдорларга таяниб, “Middle East Eye” хабар берди.

“Разведка маълумотларига кўра, Исроил анча вақтдан бери Қоҳирада ҲАМАС етакчиларини йўқ қилишни режалаштириб келган. Сўнгги икки йил ичида шаҳарда ўтган оташкесим музокаралари давомида Миср аллақачон бундай уринишнинг олдини олган”, деди юқори мартабали хавфсизлик манбаси.

9 сентябрь куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 16:00 атрофида Қатар пойтахти Доҳада ҲАМАС раҳбариятини нишонга олган 12 та ҳаво зарбаси амалга оширилди. Бу ҳужум бутун минтақада қораловларга сабаб бўлди.

Мисрлик юқори мартабали расмийларнинг  баёноти Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг ҲАМАСни бошқа мамлакатларда ҳам нишонга олиш билан таҳдид қилган сўзларига жавоб тариқасида янгради.

“Миср ҳудудида ҲАМАС етакчиларига қасд қилишга ҳар қандай уриниш Миср суверенитетини бузиш ва шунингдек, Исроил томонидан уруш эълон қилиниши деб баҳоланади. Бундай вазиятда биз жавоб қайтаришда иккиланмаймиз”, деди хавфсизлик манбаси.

ҲАМАС етакчилари Мисрда яшаб келаётгани расман эълон қилинмаган бўлса-да, хавфсизлик манбасининг берган эксклюзив баёнотида айрим гуруҳ аъзолари ҳатто ҳозирги Ғазо уруши бошланишидан олдин ҳам мамлакатда яшаганини билдирди. Улар ҳақидаги маълумотлар хавфсизлик сабаблари билан очиқланмаган.

Манбанинг айтишича, мисрлик расмийлар исроиллик ҳамкорларини музокараларга қайтишга ва Ғазода оташкесимга эришиш устида ишлашга чақирган, чунки бу минтақада охири йўқ урушлар ва кескинликка тортиш хавфи ортиб бормоқда.

“Сўнгги ойларда Миср-Исроил муносабатлари Тель-Авивнинг Ғазода эҳтимолий оташкесимга нисбатан иккиланиши сабаб таранглашган”, деди манба.

Миср расмийлари Ғазо келажагига оид масъулиятни, жумладан, фаластинликларни Синайга кўчириш эҳтимоли билан боғлиқ хавфларни Қоҳира зиммасига юклаш уринишларидан ҳам хавотирда.

19 август куни нашр хабар қилганидек, Миср фаластинликларнинг Синайга ўтиб кетиши эҳтимолига йўл қўймаслик учун Ғазо билан чегараси бўйлаб тахминан 40 минг аскар жойлаштирган.

Нашр, шунингдек, Қоҳира Ғазода чўкиб бораётган оташкесим музокараларидан четга сурилганини, Исроилнинг катта ердаги ҳужуми фаластинликларни Синайга кириб боришга мажбур қилиши ва минтақада тартибсизлик юзага келиши мумкинлигидан хавотирланишини хабар қилган.

Бир юқори лавозимли разведка манбаси ўтган ҳафта Доҳадаги ҳужумдан олдин, Исроил ва Миср ўртасидаги алоқалар бутунлай узилганини ва Ғазода оташкесим бўйича музокараларда ҳеч қандай илгарилаш йўқлигини айтган.

“Миср ҲАМАСни ҳимоя қилмаяпти”

Шу орада бир ҳарбий мансабдор Исроилнинг Доҳадаги зарбаларида Миср ҳаво ҳудуди иштирок этмаганини айтди. 

“Доҳадаги ҳужумда иштирок этган бирорта ҳам исроиллик самолёт Миср ҳаво ҳудудидан ўтмаган. Миср Доҳадаги ҳужумдан аввалдан хабардор бўлмаган ва бу операция бўйича Миср, Исроил ёки АҚШ ўртасида мутлақо ҳеч қандай мувофиқлашув бўлмаган. Синай яриморолида, Исроил билан чегарада, ҳозирда Хитой ҳаво мудофаа тизими жойлашган. У рухсатсиз ёки сездирмасдан бирорта самолётнинг ўтишига йўл қўймайди”, деди у.

Доҳадаги зарбалардан кейин қилган видеочиқишида Нетаньяху ҲАМАСни ҳар ерда нишонга олиш билан таҳдид қилганди.

“Мен Қатарга ва террористларни паноҳ берган барча давлатларга айтаман: уларни чиқаринг ёки адолат олдига олиб келинг. Агар бундай қилмасангиз, биз қиламиз”, деди у.

У ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумини АҚШдаги 2001 йил 11 сентябр террорчилик ҳаракатларига қиёслаб, Исроилнинг ҲАМАСга қарши кампаниясини “терроризмга қарши глобал кураш” сифатида кўрсатди.

“Биз айнан АҚШ каби иш тутдик: у Афғонистонда “ал-Қоида” террористларини нишонга олганида ва Покистонда Усома бин Ладенни ўлдирганида қандай ҳаракат қилган бўлса, биз ҳам шундай қилдик”, деди Нетаньяху.

Бир машҳур хавфсизлик таҳлилчиси хавфсизлик нуқтаи назаридан аноним суҳбатда манбаларнинг огоҳлантиришлари ҲАМАС ҳақида эмас, балки Қоҳиранинг минтақадаги ўрнига оид эканини айтди.

“Миср ҲАМАСни ҳимоя қилмаяпти – мамлакат бу гуруҳга шубҳа билан қарайди ва уни тақиқланган “Ихвон-ул-муслимин” билан боғлайди. Бироқ Миср ўзини минтақадаги энг стратегик араб давлати деб билади. Ҳар қандай Исроил зарбаси унинг ҳудудида юз берса, бу ҳақорат сифатида қабул қилинади. Бу Мисрнинг обрўсига путур етказади ва Қоҳиранинг минтақавий нуфузига таҳдид солади, гарчанд охирги ойларда тинчлик музокараларида Қатар кўпроқ таъсир кўрсатган бўлса ҳам”, деди таҳлилчи.

Тарихан Қоҳира Исроил ва фаластинлик гуруҳлар, айниқса, ҲАМАС ўртасида воситачи сифатида марказий роль ўйнаган. Бироқ сўнгги ойларда Миср Ғазода оташкесим музокараларидан тобора четлатилмоқда. Қоҳира Исроилнинг ер устидаги катта ҳужуми Мисрни можарога тортиб киритиши мумкинлигидан хавотирда.

“Агар Исроилга Қоҳирада эркин суиқасдлар ўтказишга йўл қўйилса, Мисрнинг Ғазода ишончли воситачи сифатидаги мавқеи йўқолади. Мамлакат режимлари бу ролга катта сармоя киритган. Пойтахтдаги ҳар қандай ҳужум бу имижни йўқ қилади ва минтақада Миср ўз уйида ҳам хавфсизликни таъминлай олмаётганини кўрсатади”,  деди таҳлилчи.

Миср Исроил билан муносабатларни нормаллаштирган биринчи араб давлати бўлган. 1979 йилда АҚШ воситачилигида тинчлик шартномаси имзоланган. Бироқ халқнинг катта қисми бунга қарши чиққан, Исроилни душман ва Фаластиндаги босқинчи сифатида кўрган.


Мақола муаллифи

Теглар

Миср Исроил ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг