Исроил Ливанга қўшин киритди

Олам

image

Бугун, 1 октябрга ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқликдаги операцияни бошлади. Исроил танклари аллақачон Рмеиш қишлоғи ҳудудига етиб борди. Бу ҳақда “Al Arabiya” ва “Al Hadath” телеканаллари хабар берди.

Бундан олдин Исроилнинг зирҳли техникалари артиллерия ва авиация ниқоби остида Ливаннинг чегара ҳудудларига кириб келгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Айни пайтда, Германиянинг DPA ахборот агентлиги Ливан хавфсизлик хизматидаги манбаларга таяниб, айни дамда Ливаннинг Исроил билан тўғридан тўғри чегарасида Исроил танклари йўқлигини хабар қилди.

Бир неча соат олдин ЦАХАЛ Исроил шимолида – Метула, Мисгав Ам ва Кфар Гилади аҳоли пунктлари ҳудудида ёпиқ ҳарбий зона ташкил этилганини расман эълон қилди. Деярли бир вақтнинг ўзида Ливан армиясининг бўлинмалари мамлакат жанубидаги ўз позицияларини тарк этиб, беш километр ичкарига чекинишгани маълум бўлди.

Айни вақтда ЦАХАЛнинг расмий вакили Даниэль Ҳагарий 1 октябрга ўтар кечаси Исроил ҳарбийларининг ҳаракатлари ҳақида маълумот тарқатмасликка чақирди.

“Сўнгги соатларда ЦАХАЛнинг Ливан чегарасидаги фаолияти ҳақида кўплаб хабар ва миш-мишлар тарқалди. Сиздан кучлар фаолияти ҳақида ҳеч қандай хабар тарқатмаслигингизни сўраймиз. Фақат расмий хабарларга амал қилинг ва масъулиятсиз миш-мишларни тарқатманг”, деб ёзди Ҳагарий Х ижтимоий тармоғида.

Аввалроқ баъзи исроиллик сиёсатчилар ижтимоий тармоқларда ЦАХАЛнинг Ливандаги ҳарбий амалиёти бошланишига ишора сифатида талқин қилиниши мумкин бўлган постларни эълон қилган эди.

Билдирилишича, кеча, 30 сентябрь куни Исроил Қўшма Штатларни Ливан жанубида “чекланган қуруқликдаги операция” ўтказишга қарор қилгани ҳақида огоҳлантирди, бунда асосий эътибор Исроил билан чегарадош ҳудудлар аҳолисига “таҳдидни бартараф этиш” учун чегара бўйлаб “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмасини йўқ қилишга қаратилган.

“Исроил томони бизни чегара яқинидаги “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмасини нишонга олган чекланган операцияларни бошлагани ҳақида хабардор қилди. Биз улар билан бу масала бўйича баъзи музокаралар ўтказдик”, деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер.

Миллер Қўшма Штатлар Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Исроил 2024 йил сентябрь ойининг иккинчи ярмида “Ҳизбуллоҳ”га қарши “олдиндан ҳарбий операция” бошлади.

Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрга ўтар кечаси ЦАХАЛ аввалроқ шаҳарнинг жанубий чеккасида зарбалар бериб, Байрут марказига биринчи марта ҳужум қилганди. Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида гуруҳнинг бир неча етакчилари ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ливан Ҳизбуллоҳ ЦАХАЛ қуруқликдаги операция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made